
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят Китоб тумани суди томонидан ўтказилган навбатдаги сайёр суд мажлисида туман ИИБ бошлиғининг бир гуруҳ маҳкумларни муддатидан аввал озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалари муҳокама қилинди.
Албатта муддатидан аввал озод қилишга асос бўлувчи омилларнинг энг муҳими бу маҳкумнинг жазога нисбатан муносабатидир. Белгиланган чекловларга амал қилиш, бандлигининг таъминланиши ва меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиши уларга нисбатан инсонпарварлик далолатномаси қўлланилишига сабаб бўлиши мумкинлигини суд жараёнлари мисолида кузатиш мумкин.

Жиноят кодексининг турли моддалари билан жавобгарликка тортилган маҳкумларнинг қай бири биринчи бор судланганини, тайинланган жазо хулоса чиқаришларига етарли бўлганини билдириб, қонуний енгиллик сўрашди.
Тақдимномалар юзасидан билдирилган хулосалар асосида судья уларни қаноатлантиришни лозим топди. Унга кўра 6 нафар маҳкум муддатидан аввал озод қилинди. Ўз ўрнида уларга қайта жиноят содир қилишнинг оқибатлари хусусида ҳам тушунтиришлар бериб ўтилди.
Ўлмас Баратов, ЎзА мухбири