500 миллион сўмлик дори воситаларининг яширин савдосига чек қўйилди
Пойтахтда дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши ўтказилган тезкор тадбир давомида ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган қиймати қарийб 500 миллион сўмлик дори воситалари аниқланиб, ноқонуний муомаладан чиқариб олинди.
Божхона қўмитаси ҳамда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси тезкор ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Янгихаёт туманида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.
Дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши ўтказилган тадбир давомида кузатувга олинган автотранспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Текширув жараёнида автомашинанинг орқа ўриндиғида турган сумкадан хорижда ишлаб чиқарилган, тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 2 номдаги 60 дона дори воситаси аниқланди.

Шундан сўнг тезкор тадбирлар давом эттирилиб, гумонланувчи фуқаронинг ижарада яшаётган хонадонида ҳам кўздан кечириш ишлари олиб борилди. У ердан хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 24 номдаги 1211 дона дори воситаси топилди ва белгиланган тартибда баённома асосида расмийлаштириб олинди.

Тезкор тадбирлар доирасида гумонланувчининг фарзандига тегишли хонадон ҳам кўздан кечирилди. У ерда ҳам тегишли ҳужжатларсиз сақланаётган хорижда ишлаб чиқарилган 3 номдаги 9590 дона дори воситаси аниқланди. Шу тариқа, ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 29 номдаги 10 минг 861 дона хорижда ишлаб чиқарилган дори воситаси ноқонуний муомаладан олиб қўйилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган дори воситаларининг умумий қиймати 500 миллион сўмни ташкил этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА