5 нафар ёш шахматчимиз Ҳиндистонда ўтадиган Осиё чемпионатида қатнашади
Эртага, 18 август куни Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида “Asian Junior Chess Championship-2026” мусобақаси бошланади.
Қитъа чемпионлиги учун кечадиган муросасиз баҳсларда Осиёнинг 10 та мамлакатидан 158 нафар шахматчи қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 5 нафар аъзоси Ватанимиз шарафини ҳимоя қилади.
Бугун, 17 август куни мазкур нуфузли мусобақада иштирок этадиган маҳоратли ёш шахматчиларимиз Жавоҳир Бозоров, Иброҳим Жуманазаров, Сарвиноз Бегмуратова, Нурмуҳаммад Нематиллахонов ва Лилия Белая Мумбай шаҳрига етиб борди.
9 та турдан иборат бўлган қитъа чемпионатида қатнашадиган шахматчилар ўз ёш тоифаларида мусобақа якунларига кўра, ғолиблар ФИДE томонидан қизлар ўртасида аёллар халқаро гроссмейстери, ўғил болалар ўртасида эса халқаро гроссмейстер унвони учун норма олиш имкониятига эга бўлади.

Мусобақада кумуш ва бронза медаль соҳиблари халқаро спорт устаси ҳамда ФИДE спорт устаси унвонлари учун нормативларни бажарган ҳисобланади.
Чемпионат низомига мувофиқ, бугун кун давомида барча иштирокчилар мусобақалар ўтказиладиган манзилга етиб бориши лозим.
Эртага чемпионатга қуръа ташлаш маросими, мандат комиссиясининг йиғилиши, иштирокчилар учун баҳслар ўтадиган мажмуа билан танишув каби бир қатор тадбирлар ташкил этилади.
Қитъа чемпионатининг биринчи тур ўйинлари 19 август куни ўтказилса, сўнгги 9-тур ўйинлари 25 август куни бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА