46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик кўриш бўйича Ташкилий қўмитанинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Спорт вазири Адҳам Икрамов раислигида ўтган йиғилишда нуфузли мусобақа ва унинг доирасида ташкил этиладиган тадбирлар мундарижаси, хорижий меҳмонлар ҳамда шахмат жамоаларини кутиб олиш, жойлаштириш ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, мусобақалар учун зарур спорт инвентарлари, медиа ҳамда ахборот тизимларининг узлуксиз фаолиятини йўлга қўйиш каби ўнлаб муҳим вазифалар кўриб чиқилди.

Муҳокамаларда онлайн ва офлайн форматда иштирок этган Халқаро шахмат федерацияси (FIDE), Ўзбекистон шахмат федерацияси ҳамда дахлдор вазирлик ва идоралар мутасаддилари ўз йўналишлари бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.

Йиғилиш якунида билдирилган фикр ва таклифлар асосида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ҳар жиҳатдан юқори савияда ташкил этиш, Халқаро шахмат федерациясининг техник регламенти талабларини қатъий бажариш ҳамда делегациялар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси жорий йилнинг 15-27 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Т. РЎЗИЕВ, ЎзА