46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида қатнашадиган таркиб тасдиқланди
Жорий йилнинг 15-27 сентябрь кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ўтказилиши муносабати билан дунёнинг бир қатор етакчи мамлакатлари терма жамоалари таркибини эълон қилиш остонасида турибди.
Дунё эътиборини яна бир бор Ўзбекистонга қаратадиган мазкур нуфузли мусобақада етакчи давлатларнинг энг кучли шахмат жамоалари ғолиблик учун кураш олиб боради.
Халқаро шахмат федерацияси низомига мувофиқ, 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси юртимизда ўтказилаётгани муносабати билан мезбон мамлакат ушбу олимпиадада 3 та таркиб билан иштирок этишига изн берилган.

Хўш, мазкур мусобақада юртимиз шарафини кимлар ҳимоя қилади? Шахматчиларимизнинг жамоаларга тақсимланиш ҳолати қандай?
Куни кеча шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби шахматчиларимизнинг қайси таркибда ҳаракатланиши бўйича сўнгги рўйхатни эълон қилди.
Унга кўра, Ўзбекистон-1 терма жамоаси таркибида Нодирбек Абдусатторов (2780), Жавоҳир Синдоров(2776), Нодирбек Ёқуббоев(2689), Шамсиддин Воҳидов (2637), Муҳиддин Мадаминов(2586) дона суради.
2-терма жамоа Абдумалик Абдусалимов (2530), Жаҳонгир Воҳидов (2515), Муҳаммадзоҳид Суяров (2534), Ҳумоюн Бегмуротов(2512), Ортиқ Ниғматов (2470)дан иборат этиб белгиланган бўлса, 3-терма жамоадан Саидакбар Саидалиев (2454), Баҳром Баҳриллаев (2446), Алмас Раҳматуллаев (2408), Муҳаммадали Абдураҳмонов (2385), Асроржон Омонов (2345) жой олди.
Т.Рўзиев,
ЎзА