45 миллион сўм тўлов эгасига қайтарилди
Яна бир истеъмолчининг ҳуқуқи тикланди. Фуқаро И.Н. томонидан Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига келиб тушган мурожаат ортидан 45 миллион сўм истеъмолчига тўлиқ қайтарилди.
Аслида фуқаронинг мурожаат қилишига қандай ҳолат сабаб бўлганди?
Фуқаро 2024 йил июль ойида Кармана туманидаги “Экопен” русумли 10 дона дераза ромларини харид қилиб, уйига ўрнатган. Аммо орадан кўп вақт ўтмай, ромларда шаклнинг бузилиши, эгилиш ва турли деформациялар намоён бўлган.
Уста камчиликларни маҳсулот сифати билан боғлаган. Истеъмолчи эса масала юзасидан “Экопен” МЧЖга мурожаат қилади. Компания ходимлари жойига чиқиб вазиятни ўрганган. 2025 йил апрель ойида компания ромларни янгисига алмаштириб берган бўлса-да, бир ой ўтар-ўтмас нуқсонлар яна такрорланган. Уйдаги таъмир ишлари тўхтаб қолган, истеъмолчи эса тўланган 45 миллион сўмни қайтаришни талаб қилган.
Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари мурожаатни ўрганиб, компания раҳбарияти билан суҳбатлашди. Натижада МЧЖ истеъмолчига 45 миллион сўм пул маблағини қайтариб берди ва бир фуқаронинг ҳуқуқи тикланди
Қонун устуворлиги бу шунчаки шиор эмас. У ҳар бир ҳал этилган мурожаатда, ҳар бир тикланган ҳуқуқда ўз ифодасини топади.
Зеро, қонун устуворлиги жамиятда демократия ва қонунчилик таъминланишига хизмат қилувчи тамойилдир. Унга сўзсиз амал қилиш эса бизнинг фуқаровий бурчимиз ва мажбуриятимиз.
А.Бўриев, ЎзА мухбири