399 миллиард сўм: истеъмолчи ҳақи ўз эгасига қайтарилмоқда
Бир қарашда бу шунчаки катта рақам. Аммо 399,3 млрд. сўм ортида 11,7 миллион нафар истеъмолчининг манфаати турибди.
Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, 2023 йилдан 2026 йилнинг 7 ойига қадар истеъмолчилардан 137 785 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 86,7 фоизи ижобий ҳал этилган.
Эътиборлиси, мурожаатлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. 2023 йилда 20,7 мингта мурожаат қайд этилган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 53,7 мингтага етган.
Мурожаатларнинг асосий қисми одамлар ҳар куни дуч келадиган муаммолар — уй-жой коммунал ва транспорт хизматлари, савдо, алоқа, молия ҳамда ижтимоий хизматларга тўғри келади.
Истеъмолчи учун энг муҳими мурожаатнинг ўзи эмас, балки натижа. Шу жиҳатдан, 399,3 млрд. сўмнинг қайта ҳисоб-китоб қилиниши муҳим кўрсаткич. Бу маблағ 11,7 миллион нафар истеъмолчининг манфаатига дахлдор.
Яъни бу рақамлар ортида оддий фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқи тиклангани, ортиқча тўловлар қайта ҳисоблангани ва истеъмолчининг ўз ҳақини талаб қилиш имконияти кучайиб бораётгани кўринади.
Бугун истеъмолчи ўз ҳақ-ҳуқуқини билса ва мурожаат қилишдан қўрқмаса, ҳар бир мурожаат ортида адолатни тиклаш имконияти бор.
Нигора Раҳмонова, ЎзА