352 млн сўм қарздорлик ундирилди
Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан вилоят Ички ишлар бошқармаси ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда қарздорларга тегишли автотранспорт воситаларини аниқлаш ва қидириш бўйича кенг қамровли рейд тадбирлари амалга оширилмоқда.
Олиб борилган назорат тадбирлари давомида турли тоифадаги қарздорларга тегишли 123 та автотранспорт воситаси аниқланиб, белгиланган тартибда жарима майдонларига жойлаштирилди. Қонуний чоралар кўрилиши натижасида жами 352 миллион сўм миқдоридаги қарздорлик ундирилди.
Тадбирлар жараёнида фуқароларнинг мол-мулкига нисбатан қўлланилган чекловлар тушунтирилди ва уларга мавжуд қарздорликни ихтиёрий равишда бартараф этиш имконияти яратилди. Айрим ҳолатларда қарздорлар жойида тўловларни амалга ошириб, транспорт воситаларини жарима майдонига жойлаштирилишининг олди олинди.
Асосийси, бундай рейд тадбирлари Сирдарёда мунтазам равишда давом эттирилмоқда. Ушбу чоралар нафақат қарздорларнинг қонуний мажбуриятини таъминлашга, балки аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири