35 йилликка — 35 битирувчи — 35 талаба!
Мустақилликнинг 35 йиллиги — Ватанимиз ҳаётидаги қутлуғ сана. Айни кунларда юртимизнинг барча жабҳаларида ушбу улуғ айёмни муносиб кутиб олишга тараддуд кўрилмоқда, эришилаётган ютуқлар эса истиқлол йилларида босиб ўтилган шарафли йўлнинг муносиб самаралари сифатида намоён бўлмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорида ҳам мустақилликнинг 35 йиллигини Янги Ўзбекистоннинг бугунги улкан салоҳияти ва жаҳон майдонидаги нуфузига муносиб даражада нишонлаш, мамлакатда эришилаётган ютуқларни кенг ёритиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Ана шундай тарихий сана арафасида ҳар бир соҳада қўлга киритилаётган натижа байрам шукуҳига ўзгача мазмун бағишлайди. Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби жамоаси эса Мустақиллигимизнинг 35 йиллигига ўзининг муносиб туҳфасини тайёрлади: 35 нафар битирувчи — 35 нафар талаба!
Бу рақамлар шунчаки сонлар эмас. Уларда ёш авлодга яратилаётган имкониятлар, устозларнинг фидокорона меҳнати, ота-оналарнинг эзгу умиди ва энг муҳими, билим сари дадил қадам қўяётган ёшларнинг интилишлари мужассам.

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабининг 2025–2026 ўқув йилидаги 35 нафар битирувчисининг барчаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Битирувчиларнинг ўртача натижаси 185,1 баллни ташкил этди.
Уларнинг 25 нафари давлат гранти асосида, 10 нафари эса тўлов-контракт асосида талабаликка қабул қилинди. Демак, ижод мактаби учун бу йилги натижанинг ўзига хос формуласи тайёр: 35 йилликка — 35 битирувчи — 35 талаба!
Ёшларнинг танлаган таълим даргоҳлари ҳам эътиборга молик. Улар Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Тошкент давлат тиббиёт университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Жиззах давлат педагогика университети талабалари бўлишди.

Бир қарашда, бу — 35 нафар ёшнинг олий таълимга киргани ҳақидаги ахборот. Аммо рақамлар замирига назар ташласак, унинг ортида катта меҳнат ва юксак ишонч борлигини англаймиз. Зеро, ҳар бир талаба — ўз орзуси, мақсади ва келажакка бўлган умиди билан янги ҳаёт остонасига қадам қўяётган ёш авлод вакилидир.
Ижод мактаби муҳити эса бу интилишларни янада бойитади. Бу ерда билим билан бир қаторда ижодий тафаккур, мустақил фикрлаш, изланиш ва ўз қобилиятини намоён этишга кенг йўл очилади. Энди мазкур фазилатлар олий таълим даргоҳларида янги билимлар, янги тажрибалар ва янги орзулар билан уйғунлашади.
Мустақилликнинг 35 йиллигини муносиб нишонлаш концепциясида ёшларнинг билим ва касб эгаллаши, уларнинг истеъдод ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун зарур шароитлар яратишга алоҳида урғу берилган. Шу маънода, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби битирувчиларининг бугунги натижаси истиқлол берган имкониятларнинг ёрқин ифодаларидан биридир.
Энг муҳими, бу натижа янги марраларнинг ибтидоси. Бугун талаба бўлган 35 нафар ёш эртага ўз соҳасининг етук мутахассиси, илм-фан, таълим, маданият, иқтисодиёт, ҳуқуқ, тиббиёт ва бошқа йўналишларда юрт тараққиётига ҳисса қўшадиган фидойи инсонлар бўлиб етишишига ишонч бор.

Шу боис 35 йилликка — 35 битирувчи — 35 талаба! деган қувончли рақамлар уйғунлиги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабининг Истиқлол байрамига муносиб туҳфасидек жаранглайди. Бу — бир мактабнинг ютуғи бўлибгина қолмай, билимга чанқоқ, орзу-мақсадлари юксак, эртанги кунга ишонч билан қадам қўяётган ёшларимизнинг муваффақиятидир.
Истиқлолнинг 35 йиллиги шукуҳига уйғун бу натижа яна бир ҳақиқатни тасдиқлайди: билимга эътибор, ёшларга ишонч ва меҳнатга таянч бор жойда юксак марралар албатта забт этилади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири