35 нафар болага мактаб формаси ва ўқув қуроллари топширилди
“Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан “Маҳаллада ободлик ва меҳр-саховат ойлиги” доирасида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш каби ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан филиал томонидан кам таъминланган, боқувчиси йўқ ва чин етим бор оилаларнинг 35 нафар фарзандига хайрия қилинди. Уларга янги ўқув йили муносабати билан мактаб формалари ва зарур ўқув қуроллари топширилди.

– Бундай хайрия тадбирлари энг улуғ, энг азиз байрам арафасида давом этади, – дейди “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон филиали раҳбари ўринбосари Исламбек Тажетдинов. – Яқинда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган оилалардаги 35 нафар жажжи болажоннинг суннат тўйи тантанали нишонланди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилаётган алоҳида эътиборга тўхталишди. Болажонларга “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон филиали томонидан совғалар топширилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири