35 кг.дан ортиқ наркотик моддалар контрабандасига чек қўйилди
Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 2003 й.т. ва 1998 й.т. 2 нафар фуқаро давлат чегарасини ноқонуний кесиб, қўшни республикадан мамлакатимиз ҳудудига ўтган вақтларида қўлга олинди.
Қонунбузарларга тегишли 2 та спорт сумкаси ичида эса 4 кг 884 гр “опий” ва 19 кг 863 гр “гашиш” моддалари, шунингдек, 380 қути “Esse Change” номли тамаки маҳсулотлари борлиги маълум бўлди ҳамда ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Ҳолат юзасидан наркокуръерларга нисбатан Жиноят Кодексининг 223, 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Афғонистондан контрабанда қилинган наркотик моддалар ашёвий далил сифатида олинди.
Жумладан, 1978, 1981 ва 2004 йилларда туғилган 3 нафар шахс давлат чегарасини бузган ҳолда, автомобиль ғилдираги камераси ёрдамида Амударёдан сузиб ўтган вақтларида қўлга олинди.
Текширув жараёнида уларнинг ёнида бўлган халталар ичида 2 кг 708 гр “опий” ва 8 кг 257 гр “гашиш” моддалари борлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, наркосавдогарлар гиёҳвандлик воситаларини керакли манзилга етказиб беришлари эвазига ушбу куръерларга ҳар бир килограмм юк учун 200 АҚШ доллари миқдорида пул ваъда қилишган.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 223 ва 246-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.