Шу кунларда юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида турли хил манзарали ва мевали дарахтлар экилиб, атроф-муҳит ободлиги таъминланмоқда.
Шунга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан спортчи, санъаткор, журналист-блогерлар, давлат мукофоти совриндорлари ва волонтёр ёшлар иштирокида 300 тупдан ортиқ чинор дарахтлари экилди.
Маълумки, дарахтлар ичида узоқ муддат яшаши ва экологик офатларга чидамлилиги билан ажралиб турувчи чинорларнинг ҳар бири 20 кг гача карбонат ангидрид ютиб, табиат учун филтр вазифасини бажаради.
Кўчатлар экилгандан сўнг, дарахтлар тагида чуқур қазилиб, хазонлар кўмилди. Унда экофаоллар ва блогерлар боғ ҳудудини хазонлардан тозалаб, уни ерга кўмиш ишларини олиб борди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ер табиий ўғит билан яхши озиқланганда дарахтлар узоқ яшайди. Бу эса бизни тоза ҳаво билан таъминлайди.
Шаҳар аҳолиси, айниқса, ёшларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, она-табиатга меҳр-муҳаббат ва экологик тежамкорликка ўргатиш, жамоат жойларида чиқиндиларни белгиланган махсус қутиларга ташлаш каби кўникмаларни шакллантириш мақсадида ташкил этилган акция доирасида умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида “Табиат учун ғамхўрмиз” шиори остида расмлар танлови ҳам ташкил этилди. Унда ёш рассомлар барчанинг кўз ўнгида табиатни асраш борасидаги тасаввурларини мўйқалам ёрдамида тасвирлади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА