30 минг доллар пора олган шахс ушланди
Тадбиркорлик мақсадида фойдаланиладиган ерлар фақат аукцион орқали сотилади.
Лекин “ер олиб бераман”, деган киши учраб қолса, одамлар ҳамон унга айтган пулини қўшқўллаб тутқазишга тайёр. Бундай “ҳожатбарор”лар ҳам қонунларни яхши билади. Чунки “ер олиб бераман” деган сўзларга “аукционда ютишингизга қарашаман”, деган сўзлар ҳам қўшилмоқда.
Фуқаро Б.Т. фуқаро Н.нинг ишончига кириб, унга Ўртачирчиқ тумани қурилиш бўлимида ишловчи танишлари орқали “Истиқлол” маҳалласи ҳудудидан 90 гектар ер майдонини аукцион орқали ютиб бериш эвазига 30 минг АҚШ доллари сўраган.
Бироқ, поранинг умри жуда қисқа экан. У Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қибрай туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда пул олаётганда ушланди.
Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро З.С. бошқа бир фуқаро С.нинг ишончига кириб, Бухоро тумани “Кулонхона” маҳалласи ҳудудидаги ўзи ноқонуний фойдаланиб келган захирадаги 8 сотих ер майдонини танишлари ёрдамида унинг номига расмийлаштириб беришини айтиб, эвазига 7,5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
ЎзА