28 нафар ёш дзюдочимиз Душанбе турнирида қатнашмоқда
Бугун, 23 октябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 21 ёшгача бўлган дзюдочилар ўртасида “Hoji Sharif Dushanbe Grand Prix Juniors 2026” халқаро турнири олдидан мандат комиссияси йиғилиши ҳамда қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди.
Маросимда Халқаро дзюдо федерацияси Спорт комиссияси котиби, ҳамюртимиз Абдулло Муродов, Тожикистон спорт ташкилотларининг раҳбарлари, 19 мамлакат дзюдо федерацияларининг мутасаддилари қаторида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси мураббийлар кенгаши вакиллари иштирок этди.

Айтиш лозим, 14 та вазн тоифасида ўтадиган мазкур нуфузли халқаро турнирда 19 мамлакатнинг 227 нафар ёш дзюдочиси қаторида Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 28 нафар аъзоси совринли ўринларга даъвогарлик қилишга ҳозирланмоқда.
Халқаро турнир дастурига мувофиқ, эртага 24 октябрь куни ўғил болалар -60, -66, -73 килограммда, дзюдочи қизлар -48, -52, -57, -63 кило оғирликда беллашади.

Халқаро турнирнинг биринчи кунги беллашувларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолардан Хуршид Султонов ва Муҳаммадқодир Шодмонов -60 килода, Абдураҳмон Саъдуллаев ва Амирхон Низомиддинов -66 килода, Беҳруз Усмонов ва Санжар Ашуров -73 килода, дзюдочи қизлардан Дилрух Ҳасанова ва Маржона Саъдуллаева -48 килода, Чарос Ҳикматова ва Сабина Азаматова -52 килода, Мафтуна Аҳмедова -52 килода, Асал Каримжонова ва Динара Самандарова -63 килода юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
“Hoji Sharif Dushanbe Grand Prix Juniors 2026” халқаро турнири 25 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА