28 май – Озарбайжонда Мустақиллик куни
Озодлик йўлида қўйилган ҳар бир қадам миллат иродаси, маънавий бутунлиги, эртанги кунга ишончи ифодаси сифатида тарихга муҳрланади.
Озарбайжон халқи ХХ аср бошида номини жаҳон харитасига ёзиб, ўз тақдирини бошқариш, миллий ўзлигини сақлаш орқали мустақилликка эришишда қатъият кўрсатди. Озарбайжон Демократик Республикаси нафақат тикланган давлатчилик тантанаси, балки халқнинг сиёсий етуклиги, миллий иродаси ва замонавий қадриятга содиқлиги ёрқин намунасига айланди.
Озар ўлкаси мусулмон Шарқида илк парламент республикаси сифатида миллий суверенитет, демократия ва инсон ҳуқуқи таъминланган демократик жамият асосини яратди. Ўша даврдаги мураккаб геосиёсий вазият, ички ва ташқи таҳдидга қарамай, бу халқ мустақиллик шунчаки сиёсий мақом эмас, балки тарихий ҳуқуқ, маънавий қадрият ва олий мақсад эканини исботлади.
Бугун Озарбайжон Демократик Республикаси ташкил топганига 107 йил тўлди. Бой давлатчилик анъанасига эга мазкур халқ империялар таркибида бўлишига қарамай, тарихнинг турли даврларида эркинлик ва мустақиллик ғоясини ҳеч қачон унутмаган. ОДР эълон қилиниши XIX аср охири-XX аср бошида мамлакатни қамраб олган маданий-сиёсий юксалиш, миллий ўзликни англаш ва эркинлик руҳи юксалишининг мантиқий натижасидир.
Россияда чоризм қулагандан кейин большевиклар ҳокимиятни эгаллаб олиши билан собиқ империя ҳудудида мураккаб геосиёсий вазият вужудга келди. Боку нефтига қизиқиш туфайли дунёнинг қудратли давлатлари ўртасида кескинлашган сиёсий низолар шароитида Озарбайжоннинг илғор сиёсий элитаси мустақил миллий давлат яратиш йўлида бирлашди.
1918 йил 28 майда Озарбайжон мустақиллигини тасдиқлаган Декларация қабул қилинди. Ёш Республика ўз имконияти чегарасида меҳнат қилиб, зиммасига олган мураккаб ва муҳим вазифани шараф билан бажарди. Биринчи парламент ва ҳукумат тузилди. Мамлакат чегараси белгиланди, байроқ, мадҳия ва герб қабул қилинди. Озарбайжон тили давлат тили, деб эълон қилинди. Давлат қурилиши соҳасида, шунингдек мамлакат ҳудудий яхлитлиги ва миллий хавфсизлигини таъминлаш йўлида дадил қадамлар ташланди.
Ҳудудий яхлитлик ва миллий хавфсизликни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилди. Қисқа вақт ичида жанговар шайлиги юқори ҳарбий қисмлар ташкил этилди. Миллий хусусиятга, демократик тамойилга мос давлат идоралари шакллантирилди. Таълим ва маданиятни ривожлантириш мақсадида муҳим қарорлар чиқарилди. ОДР илк кунлариданоқ демократия тамойилига таяниб, ирқий, миллий, диний ва синфий тенгсизликни бартараф этди. Мамлакатнинг барча фуқароларига тенг ҳуқуқ берилди.
Афсуски, биринчи республика бор-йўғи 23 ой яшади: 1920 йил 28 апрелда большевиклар Россияси истилоси остида мустақиллик бой берилди.
Орадан қарийб 70 йил ўтиб – 1991 йил Озарбайжон давлат мустақиллигини тиклашга муваффақ бўлди. Бинобарин, мамлакатнинг ҳақиқий мустақиллигига 1993 йил, халқ улуғ йўлбошчи Ҳайдар Алиевни ҳокимиятга таклиф қилганда эришилди. Озарбайжон давлати Демократик Республиканинг сиёсий ва маънавий вориси сифатида эълон қилинди.
Умуммиллий йўлбошчи ўз зиммасидаги қутқарув миссиясини бажариб, республикани оғир синовлардан муваффақиятли олиб чиқди, мустақилликни сақлаб қолди ва мустаҳкамлади. Айни пайт кўп асрлик тарихининг энг қудратли даврини бошдан кечираётган Озарбайжон асрий мақсадини рўёбга чиқариб, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ тиклаган.
Бугунги Озарбайжон 107 йил аввал Демократик Республика асосчилари орзу қилган юксак халқаро нуфузга эга кучли давлат сифатида ҳар томонлама ва жадал ривожланиш йўлидан бормоқда. Иқтисодиёт, армия, таълим, ташқи сиёсат каби барча муҳим соҳаларда улкан ютуқларга эришилмоқда.
Президент Илҳом Алиев бошчилигида республика нафақат минтақада етакчи давлатга, балки халқаро миқёсда салмоқли сўз ва нуфуз эгасига ҳам айланди. Эндиликда Озарбайжон миллий манфаатдан келиб чиқиб, мустақил ва принципиал сиёсат олиб бораётган кам сонли давлатлардан биридир.
28 май озар халқи учун тақвимдаги шунчаки сана эмас, балки миллий ғурур, давлатнинг ўзини-ўзи англаши ва мустақилликка бўлган ҳуқуқи рамзидир. Қардошларимиз Истиқлол кунини беҳад шод-хуррамлик, кўтаринки кайфият, чексиз ғурур билан нишонламоқда. Озар заминида уч рангли байроқ мағрур ҳилпирамоқда.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА