26 январь – Ҳиндистоннинг миллий байрами
Жанубий Осиёдаги давлат – Ҳиндистон Республикаси – дунёда энг кўп миллатли мамлакат бўлиб, бу юртда турли тилларда сўзлашувчи бир неча юз миллат, элат ва қабила яшайди. Ҳиндистонда расмий тиллар – ҳинд ва инглиз тиллари. Аҳолининг кўпчилиги, 83 фоизи ҳинду динига эътиқод қилади. Ислом (10 фоиз), насроний (2 фоиз), сикҳ (2,5 фоиз) ва бошқа динларга эътиқод қилувчилар ҳам бор.
Миллий байрамлари: 26 январь – Республика куни ва 15 август – Мустақиллик куни.
Ҳиндистон – аграр-индустриал мамлакат бўлиб, саноат ишлаб чиқаришга жалб қилинаётган хориж сармояси миқдори жиҳатидан дунёдаги ривожланган ўн давлат қаторига киради. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ хўжалиги, ўрмон хўжалиги ва балиқ овлаш 25 фоиз, саноат 30 фоиз, хизмат кўрсатиш тармоғи 45 фоизни ташкил этади. Ялпи миллий маҳсулотнинг 28 фоизига тенг давлат сектори ҳарбий саноат тармоғи, атом энергетикаси, транспорт ва алоқада асосий ўрин эгаллайди.
Майда деҳқон хўжаликлари устунлик қиладиган қишлоқ хўжалигида 8 миллиондан зиёд фермер хўжалиги бор. Мамлакатда аҳоли сони кўп бўлишига қарамай, ички эҳтиёж тўлиқ қондирилибгина қолмай, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг кўп қисми экспорт ҳам қилинади. Соҳа деҳқончиликка ихтисослашган. Асосий экинлар – шоли, буғдой, тариқ, дуккакли дон экинлари ва мойли ўсимликлар. Ҳиндистон шакарқамиш, ер ёнғоқ, чой, кана кунжут, пахта етиштириш бўйича дунёда илғорлар сафида. Шунингдек, мамлакатда каучук, кофе, маккажўхори, тамаки, қалампир, зираворлар (мурч, кардамон, мушк, долчин ва ҳоказо) етиштирилади, кокос пальмаси, банан, цитрус ва бошқа мевали дарахтлар ҳам ўстирилади. Чорвачиликда қорамол, қўй, эчки, чўчқа, йилқи, туя, парранда боқилади. Пиллачилик ривожланган. Балиқ ва денгиз ҳайвонлари овланади. Ўрмон хўжалигида қимматбаҳо ёғоч тайёрланади.
Саноатда марганец, слюда (дунёда олдинги ўринлардан бирида), тош кўмир, титан, темир рудаси, олтин, табиий газ, хромит, нефть, боксит ва бошқа моддалар қазиб олинади. Етакчи саноат тармоқлари – тўқимачилик (асосан, каноп-жут ва ип-газлама), озиқ-овқат (қанд-шакар, тамаки), тери-пойабзал саноати ривожланган. Нефтни қайта ишлаш, цемент, қоғоз, шиша-ойна ишлаб чиқариш корхоналари мавжуд. Қора ва рангли металлургия, кимё саноати, машинасозлик ривожланган.

Дунёдаги ахборот технологиялари йўналишидаги корхоналарнинг ярмидан кўпи Ҳиндистонда жойлашган. Ядровий технология ва коинотни забт этиш бўйича ҳам ушбу давлат етакчи.
Мамлакатда темир йўл транспорти муҳим роль ўйнайди. Темир йўллар узунлиги 75 минг км, 15 фоизи электрлаштирилган. Кемалар қатнайдиган дарё йўллари 14 та. Ташқи савдо айланмасининг 90 фоизи денгиз орқали амалга оширилади. Йирик портлари – Мумбай, Калькутта, Кочин, Вишакҳапатнам, Ченнай. Ҳиндистоннинг кўп шаҳарлари жаҳондаги йирик мегаполислар билан ҳаво йўли орқали боғланган.
Ҳиндистон соғлиқни сақлаш саноати шифохона, клиник синов, аутсорсинг, телемедицина, тиббий туризм, тиббий суғурта ва тиббий асбоб-ускуналарни ўз ичига олади. Соҳа қамров кенгайиши, хизмат, давлат ва хусусий сектор томонидан харажат ошиши туфайли жадал суръатда ўсиб боряпти. Амалиётда халқ табобати ҳам кенг қўлланади. Бу юртда кўплаб тиббиёт марказлари, замонавий шифохона ва амбулатория тармоқлари мавжуд.
Маорифи, маданий-маърифий ва илмий муассасалари кейинги даврда анча илгарилаган. Ҳиндистон мустақилликка эришган пайт мамлакат аҳолисининг 96 фоизи саводсиз эди. 1949 йил қабул қилинган конституция бўйича 6-14 ёш болалар учун бепуд мажбурий таълим жорий этилди. 2005 йил саводхонлик даражаси 52 фоизга етди. Катта ёшли аҳоли ўртасида саводсизликни тугатиш мақсадида махсус мактаблар очилиб, 120 миллион кишини қамраб олди. Ҳиндистон халқ таълими тизими мактабгача таълим муассасалари, бошланғич ва кичик асосий мактаб, тўлиқсиз ўрта ва тўлиқ ўрта мактабдан иборат. Малакали ишчилар билим юртида тайёрланади. Олий ўқув юртида ўқиш муддати 5-6 йил, таъли олиш пулли. Давлат ва хусусий ўқув юртлари мавжуд. Ҳиндистонда 219 университет ва институт, 7 мингдан зиёд коллеж бор. Йирик, қадимий олий ўқув юртлари: Бомбей, Калькутта, Ченнай университетлари. 1902 йил ташкил этилган Калькуттадаги миллий кутубхона, Деҳлидаги оммавий кутубхона (1951 йил), Ченнайдаги оммавий марказий кутубхона (1896) ва 460 дан ортиқ музей фаолият юритади. Ченнайда 1851 йил ташкил этилган давлат музейи, Деҳлидаги ҳозирги замон санъати миллий галереяси (1954), Янги Деҳлидаги Миллий музей, Варанаси шаҳридаги Санъат музейи, Калькуттадаги Ҳиндистон музейи (1814), Бирла Технология музейи, Мумбайдаги Ғарбий Ҳиндистон музейи, Деҳлидаги Жавоҳарлал Неру (1964), Маҳатма Ганди (1948) мемориал музейлари сайёҳлар билан доимо гавжум.
Ҳиндистон ОАВ ўзига хос ва мос тарихга эга. Бу афсонавий диёрда 84 тилли, 51 миллион нусхадан иборат 19 минг газета, 35 миллион нусхадан иборат 18 минг журнал нашр этилади. 1923 йилда нашр этила бошлаган “Ҳиндистон вақти” (Hindustan times, инглиз тилидаги кундалик газета), 1932 йилдан буён чиқаётган “Ҳинд экспресси”, (Indian express, инглиз тилидаги кундалик газета), “Ҳиндистон вақти” (Times of India, инглиз тилидаги кундалик газета, 1838 йилда ташкил этилган), “Давлат арбоби” (Statemen, инглиз тилидаги кундалик газета, 1875), “Миллий хабарчи” (National Herald, инглиз тилидаги кундалик газета, 1938), “Янги Ҳиндистон вақти” (New Bharat Times, ҳинд тилидаги кундалик газета, 1947), “Янги йўл” (Naya path, ойлик адабий-бадиий ва ижтимоий-сиёсий журнал, 1954), “Халқаро муносабатлар хабарчиси” (Foreign Affairs Reports, инглиз тилидаги ойлик журнал, 1952), “Ҳаёт” (урду тилидаги ҳафтанома, 1963), “Ҳинду” (инглиз тилидаги кундалик газета, 1878), “Ҳиндустан” (ҳинд тилидаги кундалик газета, 1933), “Чақмоқ” (инглиз, урду, ҳинд, маратҳий тилларидаги ҳафталик журнал, 1941) мамлакатдаги энг йирик, аҳолини ҳамда сайёҳларни янгиликлар оламига етакловчи ишончли нашрлардир.

Умумҳиндистон радиоси 1936 йил, Ҳиндистон телевидениеси 1976 йил фаолият бошлаб, эшиттиришлар 1927, кўрсатувлар 1959 йилдан эфирга узатила бошланган.
Ҳиндистон даги энг йирик ахборот агентлиги – “Ҳиндистон ишончли матбуоти” (“Press Trust of India”) – “PTI”, 1947 йил ташкил этилган.
Дунё бўйлаб 150 дан ортиқ ваколатхонаси мавжуд агентлик Ҳиндистон ва бошқа Осиё мамлакатлари ОАВни янгиликлар билан таъминлайди. Бош қароргоҳи Нью-Деҳлида жойлашган “PTI” Бангкок, Пекин, Коломбо, Дубай, Исломобод, Куала-Лумпур, Москва, Нью-Йорк ва Вашингтонда идора очган. 100 дан зиёд ахборот агентликлари, жумладан “Associated Press”, “Agence France-Presse”, “The New York Times”, “Bloomberg” билан маълумот алмашади. “PTI”нинг Ҳиндистондаги энг йирик обуначилари “Times of India”, “Indian Express”, “Hindustan Times”, “All India Radio” ва “Doordarshan” саналади. Ҳозирги кунда агентлик 500 дан ортиқ тўлиқ шататдаги ходимлар, жумладан 400 га яқин журналист билан ишлайди. Мамлакатнинг аксарият туманларидаги қароргоҳларда 400 га яқин мухбирлари бор.
“Press Trust of India” Жанубий Осиёдаги сунъий йўлдош алоқасига эга ягона ахборот агентлигидир.
“Ҳиндистон янгиликлари бирлашмаси” (“United News of India UNI”) 1961 йил ташкил топган. Мазкур ахборот агентлиги ҳинд тилидаги янгиликлар хизмати сифатида фаолият бошлагач, 1992 йил урду тилидаги янгиликлар хизматини ишга туширди ва Ҳиндистондаги урду тилида янгилик тақдим этувчи илк ахборот агентлигига айланди. Ҳозир бу муассаса инглиз, ҳинд, урду ва каннада тилларида ахборот тарқатадиган мамлакатдаги иккинчи йирик агентликдир. Ҳиндистоннинг барча штат пойтахтлари ва йирик шаҳарларида ушбу ташкилот бюроси мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 26 декабрда эътироф этган. 1992 йил 18 март куни икки давлат ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилгани тўғрисида битим имзоланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА