25 нафар нуронийга сиҳатгоҳ йўлланмалари топширилди
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидаги Тараққиёт маҳалласида “еттилик” ҳамда нуронийлар билан суҳбатлашди.
Маҳаллада амалга оширилаётган ишларни таҳлил қилиб, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, инфратузилмани янада яхшилаш бўйича фикр алмашилди. Шунингдек, ушбу манзилда жойлашган оёқ кийим ишлаб чиқаришга ихтисослашган оилавий корхона иши ҳам ўрганилди.

– Бу ерда “еттилик” фаолияти намунали йўлга қўйилгани, ҳақиқий фидойи вакилларимиз ишлаётгани бизни қувонтирди, – деди Қаҳрамон Қуронбоев. – Айниқса, маҳалла раисининг ташаббускорлиги, аҳоли муаммоларига бефарқ бўлмай, уларни тизимли ҳал этиб бораётгани, фаол саъй-ҳаракатлари алоҳида эътиборга лойиқ. Ҳудуддаги маҳаллаларда ишлар тизимли йўлга қўйилгани сабабли “Ёшлар билан ишлаш бўйича Ҳазорасп тумани тажрибаси”ни жорий этиш ва кенг оммалаштириш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, Тараққиёт маҳалласида ўқув маркази ва “Воркаут” майдончаси фаолияти ҳам йўлга қўйилади.

Учрашув якунида маҳаллалар равнақи йўлида “еттилик” сафида елкама-елка фаолият юритаётган 25 нафар нуронийга “Навбаҳор” сиҳатгоҳига йўлланмалар топширилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири