24 апрель – Халқаро ёшлар бирдамлик куни
Жаҳон Демократик ёшлар федерацияси қарори билан ҳар йили 24 апрель “Халқаро ёшлар бирдамлиги” куни сифатида кенг нишонлаб келинади.
“Ёшлар давлатнинг стратегик ресурси
эканлигини унутмаслигимиз керак”
(Голбах)
Жаҳон Демократик ёшлар федерацияси қарори билан ҳар йили 24 апрель “Халқаро ёшлар бирдамлиги” куни сифатида кенг нишонлаб келинади.
1955 йил Осиё ва Африка мамлакатлари Бандунг конференцияси якуний ҳужжатида қайд этилган мазкур сана илк бор 1957 йили “Тинчлик учун, колониализмга қарши курашиш” шиори остида байрам қилинган. Бу унутилмас кун давлат идоралари, жамият ва оммавий ахборот воситалари эътиборини ёшлар масаласига қаратиш учун яна бир имкониятдир.
Шу куни ёшлар, давлат муассасалари, кенг аҳоли, бефарқ бўлмаган, ўз фарзанди ва набиралари келажаги ҳақида қайғурувчи инсонлар саъй-ҳаракатини бирлаштириш, ёшлар ҳуқуқига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш имконини беради ва бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техникавий ва маънавий-ахлоқий муаммоларини бартараф этишда ёшларнинг ташкилотчилиги ва ижодий фаоллигини ошириш, авлодлар давомийлигини таъминлаш, қонун-тартиботни мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Айтганча, ёш гуруҳининг ёшлар учун умумий қабул қилинган халқаро таърифи йўқ. Масалан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 15-24 ёшли шахсларни ёшлар, деб белгилаган, Ўзбекистонда эса ёшлар сифатида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ижтимоий-демографик гуруҳ тушунилади.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси сарҳисобига кўра, мамлакатимизда ёшлар 9 миллион 726 мингдан зиёдни ташкил этади.
БМТ маълумотига кўра, ҳозир дунёда 1,8 миллиарддан кўп ёшлар бор. Бу тарихдаги энг юқори кўрсаткич. Барча ёшларнинг, қарийб, 90 фоизи ривожланаётган мамлакатларда истиқомат қилади ва айнан шу қатлам аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этади.
БМТ таъкидича, ҳозирги ёш авлод ўта юқори даражадаги фаолликка эга. Глобал коммуникация тармоғига энг кўп интеграциялашган бугунги ёшлар сиёсатдан бизнесгача, фан ва таълимдан фуқаролик жамиятигача - жамиятнинг барча жабҳаларида мамлакатлар ҳамда шахслар ўртасида мулоқот ўрнатиш, шериклик алоқаларини ташкил этишда катта салоҳиятга эга.
БМТ ёшлар ижтимоий тараққиёт учун катализатор сифатида ҳаракат қилиши, ўз мамлакатларида сиёсий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаши зарурлигини эътироф этади.

Бинобарин, кейинги пайтда ёшлар ўз ҳуқуқини амалга оширишда жиддий қийинчиликка ҳам дуч келмоқда. БМТ маълумотига кўра, ҳар бешинчи ёш авлоднинг иши, малакаси, таълим олиш имконияти йўқ.
Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда, тахминан, 408 миллион ёш қуролли тўқнашув шароитида яшайди.
Замонавий жамиятда ўсмир бўлиш ёшларнинг ўз муаммосини ҳал қилишга мослашувчанлиги даражасига боғлиқ.
Халқаро ёшлар бирдамлиги куни анъаналарига келсак, бу байрам ўтмишда кенг нишонланган. Ёшлар конгресси, концерт ва бошқа тадбирлар ўтказилган. Бундан кўзланган асосий мақсад халқларни дўстона бирлаштириш, жамоавий руҳни, миллатлар бирлигини мустаҳкамлаш, саъй-ҳаракатларни ёшлар ҳуқуқи учун кураш йўлида бирлаштиришга тайёрликни кўрсатиш, муаммоларни ҳал этишда ёшларни жипслаштириш эди.
Афсуски, йиллар ўтиб, буларнинг бари, амалда, йўқолди. Энди бу сана қоида тариқасида турли гуруҳлар, жамоат ташкилотлари ташаббуси ва кўмагида вақти-вақти билан нишонлаб келинмоқда.
Айтганча, сайёрамиз ёшларининг Халқаро ёшлар куни (12 август), Жаҳон ёшлари куни (10 ноябрь) сингари яна бир неча байрами ҳам бор.
Ўзбекистонда ҳар йили 30 июнь куни Ёшлар кунини нишонлаш яхши анъанага айланган.
Улуғбек Маҳмирзаев,
ЎзА