227 нафар битирувчининг 194 нафари талабаликни деярли нақд қилди
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети академик лицейини 2025-2026 ўқув йилида тамомлаётган 227 нафар битирувчининг 194 нафари миллий ва халқаро сертификатларни қўлга киритиб, муддатидан олдин олий таълим муассасалари талабаси бўлиш арафасида турибди.
Академик лицейда “Бугунги лицей битирувчиси – эртага Янги Ўзбекистон бунёдкори!” шиори остида ўтказилган диплом топшириш маросимида Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Улар битирувчиларни табриклаб, мустақил ҳаёт йўлида муваффақият тилади.

Якунига етган ўқув йилида лицей ёшлари 453 та миллий ва халқаро даражадаги фан, тил сертификатларини қўлга киритди. Эътиборлиси, битирувчиларнинг 50 нафари бир йўла 5 та фандан сертификат соҳибига айланди. Битирувчиларнинг 11 нафари лицейни олтин ва 3 нафари кумуш медаль билан, 46 нафари аъло даражали диплом билан тамомлади. Табиий фанлар йўналиши ўқувчиси Асилбек Муратов биология фанидан вилоят олимпиадасида 3-ўринни эгаллаб, Республика босқичида фаол иштирок этди.

Бугунги кунда академик лицейда 60 нафар малакали педагог ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда. Улардан 11 нафари Самарқанд давлат университетининг профессор-ўқитувчилари ҳисобланади. Педагогларнинг 43 нафари халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлса, хорижий тил ўқитувчиларининг барчаси (10 нафари) С1 даражадаги миллий сертификат соҳибларидир.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири