22 ноябрь– Ливан мустақиллиги куни
Бугун Ливан Республикаси ўз миллий байрами – Мустақиллик кунини нишонламоқда.
Машҳур актёр, кино продюссери, режиссёр ва мусиқачи Киану Ривз, “Қора оққуш”, “Тасодиф алданган” каби бестселлерлар муаллифи, олим, профессор, математик, трейдер Насим Николай Толиб, Голливуднинг энг гўзал аёлларидан бири, ҳуқуқшунос, актёр Жорж Клунининг рафиқаси Амал Клуни, Американинг “Форбс” журнали маълумотига кўра дунёдаги энг бой одам, медиа-магнат, мобил алоқа тармоғи эгаси, ливанлик муҳожирнинг ўғли, мексикалик тадбиркор Карлос Слим Хелу, қўшиқчи Шакира (отаси ливанлик), актриса, режиссёр Нодин Лобакий...
Илдизи Ливанга тақаладиган машҳурлар рўйхати узун. Бу сеҳрли диёрнинг тарихи милоддан аввалги 4 минг йилликка бориб тақалади.
Пойтахти Байрут шаҳри ҳисобланмиш Ливан Республикасида матбуотга нисбатан чеклов Усмонлилар даврида авж олган. Шунингдек, 1976 йил Сурия ҳарбийлари маронит насронийлари томонидан мамлакатдаги фуқаролар урушига аралашувидан кейин ҳам тез-тез учраган. 2012 йил ҳолатига кўра, араб, инглиз, француз тилларида чоп этилган газеталарнинг 12 таси араб тилида чиққан.
“Ҳадиқат ал-Ахбор” – Ливаннинг 1858 йил илк бор нашр этилган биринчи кундалик газетаси ҳисобланади. 1858-1958 йиллар оралиғида мамлакатда 200 га яқин газета бўлиб, 1963 йилгача бу рақам 400 дан ошган. Афсуски, 1963 йилги матбуот қонуни туфайли нашрлар 53 тагача қисқарган.
Энг оммабоп ОАВ – “Ан-Наҳор” кундалик мустақил сиёсий нашри, “Ал-Ахбор”, “Ад-Диёр” жамият янгиликлари ва муаммолари акс этадиган газеталар, “Ливан-24” интернет нашри ва портали, дунё янгиликларидан сўзловчи “Таййр”, иқтисодиёт, бизнес, спорт ва ўйин-кулгига ихтисослашган “Ал-Манар” каби қатор нашрлар Ливаннинг етакчи нашрларидир.
Ливан Ахборот вазирлигига қарашли расмий миллий ахборот агентлиги 1961 йил ташкил этилган. Тўрт – араб, француз, инглиз, испан тилларида фаолият юритади. Мамлакат янгиликларининг асосий манбаи сифатида барча оммавий ахборот воситалари томонидан тан олинган. Ливанда ва хорижда 30 та ваколатхонаси бор Агентлик соҳага тегишли бир неча нуфузли иттифоқ, ассоциация, федерациялар аъзоси.
Ливан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини 1991 йил 30 декабрда тан олган. Мамлакатларимиз ўртасида 1998 йил 22 октябрда дипломатия муносабати ўрнатилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА