2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,1 фоиз ўсиши прогноз қилинмоқда
Дунё иқтисодиёти сўнгги йилларда пандемия оқибатлари, геосиёсий зиддиятлар, юқори инфляция, халқаро савдодаги узилишлар ва молия бозорларидаги беқарорлик каби омиллар таъсирида шаклланмоқда. Бундай шароитда ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги аввало унинг фискал сиёсати, бюджет интизоми ва давлат молиясини бошқариш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон ҳам иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичига қадам қўймоқда. Кейинги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, давлат иштирокини қисқартириш, хусусий секторни кенгайтириш, солиқ тизимини такомиллаштириш ва инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Ана шу жараёнларнинг мантиқий давоми сифатида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегия мамлакат иқтисодиётининг ўрта муддатли ривожланиш моделини белгилаб берувчи асосий ҳужжатлардан бири ҳисобланади. Мазкур стратегия давлат бюджети, давлат қарзи, солиқ сиёсати, давлат харажатлари, инфляция ва иқтисодий ўсиш ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган. Стратегияда 2026 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 8,1 фоиз ўсиши прогноз қилинган. Бу нафақат Марказий Осиё, балки кўплаб ривожланаётган мамлакатлар учун ҳам юқори кўрсаткич ҳисобланади. Аммо иқтисодий ўсишнинг ўзи етарли эмас.
Муҳим савол — бу ўсиш қандай омиллар ҳисобига таъминланади? Иқтисодий назарияга кўра, ЯИМ ўсиши тўрт асосий манба ҳисобига юзага келади. Хусусан, хусусий истеъмол, давлат харажатлари, инвестициялар, соф экспорт. Ўзбекистон мисолида кейинги йилларда айнан инвестициялар иқтисодий ўсишнинг асосий драйверига айланди. Йирик энергетика лойиҳалари, транспорт инфратузилмаси, саноат зоналари, металлургия, кимё ва қайта тикланувчи энергетика соҳаларига киритилаётган сармоялар иқтисодиёт ўсишини таъминламоқда. Шу билан бирга, ички истеъмол ҳам аҳоли даромадлари ўсиши ҳисобига иқтисодиётга қўшимча туртки бермоқда. Иқтисодчилар фақат иқтисодиёт қанча ўсганига эмас, балки қайси соҳалар ҳисобига ўсганига ҳам эътибор қаратишади. Масалан, қурилиш орқали ўсиш, хизматлар соҳаси ҳисобига ўсиш, юқори қўшимча қиймат яратувчи саноат орқали ўсишига эътибор қаратилади.
Учинчи йўналиш барқарор иқтисодий тараққиёт учун энг самарали ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан қараганда, стратегияда саноат ишлаб чиқариши, қайта ишлаш тармоқлари ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга катта урғу берилган. Бу келгусида меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин. ЯИМ ўсиши автоматик равишда аҳоли турмуш даражаси ошганини англатмайди. Агар иқтисодий ўсишдан келган даромадлар аҳоли ўртасида тенг тақсимланмаса ёки инфляция юқори бўлса, иқтисодий ўсишнинг ижтимоий самараси пасаяди. Шу боис стратегияда, янги иш ўринлари яратиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, кичик бизнесни ривожлантириш, хусусий секторни кенгайтириш каби вазифалар ҳам белгиланган. Бу чоралар иқтисодий ўсишни аҳоли фаровонлигига айлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инвестициялар ҳажми кескин ошди. Энергетика, қайта тикланувчи энергия манбалари, логистика, тоғ-кон саноати, металлургия ва инфратузилма лойиҳалари иқтисодиётнинг ўсиш нуқталарига айланмоқда. Бироқ иқтисодчилар таъкидлаганидек, инвестицияларнинг ҳажми эмас, балки самарадорлиги муҳим. Агар сармоялар юқори қўшимча қиймат яратадиган ишлаб чиқаришга йўналтирилса, иқтисодиётнинг узоқ муддатли ўсиш суръати янада юқори бўлади. Бу эса экспортни кенгайтириш, янги технологияларни жалб қилиш ва юқори малакали иш ўринлари яратиш имконини беради. Иқтисодий ўсишни сақлаб қолишнинг ўзи кифоя эмас. Агар давлат харажатлари назоратсиз ўсса, бюджет тақчиллиги ортиб кетса ёки давлат қарзи тез кўпайса, бу иқтисодий барқарорликка жиддий хавф туғдиради. Шунинг учун ҳам Фискал стратегиянинг асосий мақсади иқтисодий ўсиш билан молиявий интизом ўртасидаги мувозанатни таъминлашдан иборат. Бу ҳужжатнинг аҳамияти шундаки, у давлат харажатларини режалаштириш, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ва иқтисодий хавфларни олдиндан бошқаришга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиёти юқори ўсиш суръатларини намоён этаётган бўлса-да, инфляция ҳали ҳам иқтисодий сиёсатнинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Иқтисодиёт тез суръатларда ўсганда аҳоли даромадлари, инвестициялар ва истеъмол талаби ортиши табиий. Бироқ талабнинг кескин ўсиши таклиф билан мувозанатлашмаса, нархлар ҳам ўсишда давом этади. Фискал стратегияда инфляцияни пасайтириш фақат Марказий банкнинг вазифаси сифатида эмас, балки давлат молияси, бюджет сиёсати ва таркибий ислоҳотлар билан узвий боғлиқ жараён сифатида баҳоланган. Бу ёндашув халқаро амалиётга ҳам мос келади. Чунки инфляцияни фақат фоиз ставкасини ошириш орқали эмас, балки бюджет интизоми, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва рақобат муҳитини яхшилаш орқали ҳам жиловлаш мумкин.
Агар давлат харажатлари иқтисодиёт имкониятларидан тезроқ ўсса, бозорда қўшимча талаб пайдо бўлади. Бу эса инфляция босимини кучайтиради. Шу сабабли Фискал стратегияда давлат харажатларини босқичма-босқич тартибга солиш, самарасиз субсидияларни қайта кўриб чиқиш ва инвестиция лойиҳаларини устуворлик асосида молиялаштириш белгиланган. Муҳим жиҳат шундаки, давлат харажатларини қисқартириш эмас, балки уларнинг самарадорлигини ошириш мақсад қилинган. Бошқача айтганда, ҳар бир бюджет сўми иқтисодий ўсиш ёки аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши лозим.
Фискал стратегия давлат бюджетига нисбатан ўрта муддатли режалаштириш тизимини янада кучайтиришни кўзда тутади. Бу ҳар йили алоҳида бюджет қабул қилиш эмас, балки кейинги бир неча йил учун харажат ва даромадларни олдиндан прогноз қилиш имконини беради. Бундай тизимнинг афзалликлари қуйидагилардан иборат. Давлат дастурларини узоқ муддатли молиялаштириш имконияти кенгаяди. Инвесторлар учун давлат сиёсати барқарорлигига ишонч ортади. Бюджет маблағларини самарали тақсимлаш осонлашади, фавқулодда харажатлар эҳтимоли камаяди.
Иқтисодий адабиётларда бюджет тақчиллиги ҳар доим ҳам салбий ҳолат сифатида баҳоланмайди. Агар тақчиллик ҳисобига иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш қувватини оширадиган йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилса, бу келажакда юқори иқтисодий ўсишга хизмат қилиши мумкин. Бироқ тақчиллик доимий тус олса ёки жорий истеъмол харажатларини молиялаштириш учун ишлатилса, давлат қарзи ортиб боради ва бюджетга қўшимча босим юзага келади. Шу боис стратегияда бюджет тақчиллигини мақбул даражада сақлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Қайд эътиш жоиз, сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига киритилаётган инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ошди. Энергетика, кимё саноати, металлургия, транспорт ва логистика соҳаларида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар иқтисодий ўсиш учун янги имкониятлар яратмоқда. Бироқ иқтисодчиларнинг таъкидлашича, инвестицияларнинг ҳажми эмас, балки сифати ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори технологияларни жорий этиш ва маҳаллийлаштириш даражасини оширишга қаратилган сармоялар узоқ муддатли ўсишни таъминлайди. Стратегия давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий бизнес учун тенг рақобат муҳитини яратишга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришни назарда тутади. Бунинг учун давлат корхоналарини трансформация қилиш, хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, рақобат муҳитини яхшилаш каби вазифалар белгиланган. Натижада иқтисодиётда хусусий сектор улушининг ортиши ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шуни ҳам айтиш жоиз, сўнгги йилларда давлат хизматлари, солиқ маъмуриятчилиги, банк тизими ва тўлов инфратузилмасида рақамлаштириш жараёнлари жадаллашди. Фискал стратегияда ҳам рақамли технологиялардан фойдаланиш давлат харажатларининг шаффофлигини ошириш, солиқ тушумларини кўпайтириш ва коррупция хавфини камайтиришнинг муҳим воситаси сифатида баҳоланган. Бу давлат бошқарувини арзонлаштириш билан бирга, бизнес учун ҳам қулай муҳит яратади. Фискал стратегиянинг энг муҳим хусусияти шундаки, у иқтисодий ўсишни фақат давлат харажатлари ҳисобига эмас, балки хусусий инвестициялар, рақобат муҳити ва инсон капитали орқали таъминлашни кўзда тутади.
Бу ёндашув халқаро молия институтлари тавсия этаётган замонавий иқтисодий моделга мос келади. Бироқ белгиланган мақсадларга эришиш бюджет интизоми, институционал ислоҳотлар ва хусусий сектор фаоллигини янада кучайтиришга боғлиқ бўлади. Давлатнинг фискал сиёсати, одатда, бюджет даромадлари ва харажатлари билан боғлиқ техник ҳужжат сифатида қабул қилинади. Бироқ 2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегия мазмунан бундан анча кенг қамровлидир. У мамлакат иқтисодиётининг келгуси уч йилда қайси йўналишда ривожланишини белгилайдиган дастурий ҳужжат ҳисобланади.
Ҳужжатнинг асосий ғояси иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш билан бирга макроиқтисодий барқарорликни таъминлашдан иборат. Бу икки вазифани бир вақтнинг ўзида амалга ошириш эса осон эмас. Агар давлат иқтисодиётни рағбатлантириш учун харажатларни кескин оширса, инфляция ва бюджет тақчиллиги кучайиши мумкин. Аксинча, харажатлар ҳаддан ташқари чекланса, иқтисодий ўсиш секинлашиши эҳтимоли пайдо бўлади.
Шу нуқтаи назардан стратегия айнан ушбу икки мақсад ўртасида мувозанат топишга ҳаракат қилади. Ҳужжатнинг биринчи муҳим жиҳати – ўрта муддатли режалаштириш тизимини мустаҳкамлашидадир. Бу давлат харажатларини бир йиллик эмас, балки уч йиллик истиқболда бошқариш имконини беради.
Иккинчи жиҳат – бюджет интизомини кучайтириш. Давлат маблағларининг самарадорлигини ошириш, мақсадсиз харажатларни қисқартириш ва инвестиция лойиҳаларини иқтисодий самарасига қараб танлаш бюджет барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Учинчи муҳим йўналиш – хусусий секторга таяниш. Иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери сифатида давлат эмас, балки хусусий бизнес ва инвестициялар белгилангани бозор иқтисодиёти тамойилларига мос ёндашув ҳисобланади. Шу билан бирга, стратегияда белгиланган мақсадларга эришиш бир қатор омилларга ҳам боғлиқ. Биринчидан, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш жараёни кутилган суръатда амалга ошмаса, бюджетга юк сақланиб қолиши мумкин.
Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармаси ва Осиё тараққиёт банки сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни ижобий баҳолаб келмоқда. Хусусан, солиқ тизимини соддалаштириш, валюта бозорини эркинлаштириш, банк соҳасидаги ислоҳотлар ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилаётгани қайд этилмоқда. Бироқ халқаро институтлар давлат иштирокини қисқартириш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, рақобат муҳитини кучайтириш ва бюджет интизомини янада мустаҳкамлашни муҳим вазифалар сифатида кўрсатмоқда. Бу жиҳатлар Фискал стратегияда ҳам ўз аксини топган.
Агар стратегияда белгиланган чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилса, келгуси йилларда қуйидаги натижаларга эришиш имкони пайдо бўлади. Иқтисодий ўсишнинг барқарор юқори суръатларини сақлаб қолиш, хусусий сектор улушини ошириш, инфляцияни мақбул даражага тушириш, бюджет тақчиллигини чеклаш, давлат қарзининг хавфсиз даражасини сақлаш, экспорт ҳажмини кенгайтириш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини оширишга эришиш мумкин. Бу омиллар мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини кучайтириши ва халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаши мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, 2027–2029 йилларга мўлжалланган Фискал стратегия Ўзбекистон иқтисодиёти учун муҳим йўл харитаси ҳисобланади. Унда давлат молиясини бошқариш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш ўзаро боғлиқ ҳолда кўриб чиқилган.
Стратегиянинг асосий ютуғи — қисқа муддатли натижалардан кўра, узоқ муддатли барқарор ривожланишга устувор аҳамият берилаётгани.
Бироқ ҳар қандай стратегия каби унинг самараси ҳам қабул қилинган қарорларга эмас, балки уларнинг амалда қандай ижро этилишига боғлиқ. Давлат бошқарувида шаффофлик, бюджет маблағларининг самарали сарфланиши, хусусий сектор учун тенг рақобат муҳити ва институционал ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши мазкур ҳужжатда белгиланган мақсадларга эришишнинг ҳал қилувчи шартларидир.
Агар ушбу вазифалар тўлиқ амалга оширилса, Фискал стратегия нафақат давлат молиясининг барқарорлигини таъминлайди, балки Ўзбекистоннинг юқори даромадли иқтисодиётлар қаторига қадам ташлаши учун ҳам мустаҳкам асос яратади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА