2026 йилда 4,3 миллиард кВт соат электр энергия, 2,8 миллиард метр куб табиий газ тежалади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия тежамкор технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилишни кенгайтириш орқали 2026 йилда 4,3 миллиард кВт соат электр энергияси ҳамда 2,8 миллиард метр куб табиий газ тежалади, шу жумладан:
а) республика ҳудудларида:
якка тартибдаги ва кўп квартирали уйлар, ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини ошириш ҳамда хўжалик юритувчи субъектларда замонавий энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобидан 2,6 миллиард кВт соат электр энергияси ва 932,4 миллион метр куб табиий газ;
йирик қуёш ва шамол электр станцияларида қўшимча 4,3 миллиард кВт соат яшил электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳисобидан 1,3 миллиард метр куб табиий газ; оғир тоифадаги маҳаллаларда 270 МВтлик кичик қувватдаги қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш ҳисобидан 35 миллион метр куб табиий газ;
б) 25 та йирик тармоқ корхоналарида электр энергияси ва табиий газдан оқилона фойдаланиш ҳисобидан 1,6 миллиард кВт соат электр энергияси ва 553 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришиш белгиланган.
2026 йил 1 июлдан бошлаб вазирлик ва идоралар, давлат ташкилотлари ва ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда давлат иштирокидаги корхоналарнинг янги қуриладиган, реконструкция (модернизация) қилинадиган ва мукаммал таъмирланадиган бино ва иншоотларида энергия самарадорлигининг "С" ва ундан юқори тоифасига эга бўлиш талаби киритилади.
Электр энергияси ва табиий газни истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш ва чеклов киритиш ҳисобидан тежашга йўл қўйилмайди.
Энергия самарадорлиги миллий агентлигига Энергия самарадорлигини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали энергия сервис компаниялари томонидан давлат буюртмалари асосида кўрсатиладиган энергия сервис хизматлари учун кафолатланган тўловларни амалга ошириш ҳуқуқи берилади.
Фармон билан:
а) 2026 йилда электр энергияси ва табиий газни тежашнинг мақсадли кўрсаткичлари;
б) 2026 йилда энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланди.
Вазирлар Маҳкамаси:
а) икки ҳафта муддатда қуйидаги йўналишларда мақсадли кўрсаткичларни ҳудудлар ва тармоқ корхоналари кесимида тасдиқлаш тўғрисидаги қарорлар қабул қилади:
2026 йилда энергия самарадорлиги бўйича амалга ошириладиган дастурлар ҳамда аниқ чора-тадбирлар асосида электр энергияси ва табиий газни республика ҳудудлари кесимида тежаш;
25 та йирик тармоқ корхоналарида бир бирлик маҳсулот ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) учун сарфланадиган энергия ресурслари миқдорини белгилаш ҳамда уларда электр энергияси ва табиий газни тежаш;
б) бир ой муддатда энергия аудити хулосалари асосида республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат иштирокидаги корхоналар, шу жумладан, тижорат банклари ҳамда суғурта компаниялари биноларининг энергия самарадорлигини ошириш ҳамда уларни қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари билан жиҳозлаш бўйича манзилли дастур ва тармоқ жадвалларини тасдиқлайди. Бунда биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш лойиҳаларини:
республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида - уларнинг харажатлар сметасидаги тўртинчи гуруҳ харажатларининг камида 5 фоизи ҳамда бюджетдан ташқари маблағларининг камида 15 фоизи ҳисобидан;
давлат иштирокидаги корхоналар, шу жумладан, тижорат банклари ва суғурта компанияларида - ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштириш назарда тутилади.
ЎзА