
Марказий банк маълумотларига кўра, 2024 йилда жисмоний шахслардан Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 30 фоизга ошиб, 14,8 млрд. долларга етган. Маблағларнинг 77 фоизи – 11,5 млрд. доллар Россиядан келиб тушган. Трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (795 млн. доллар), АҚШ (577 млн. доллар), Жанубий Корея (534 млн. доллар), Туркия (405 млн. доллар), Буюк Британия (135 млн. доллар) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.
Хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) ўтказмалар тезкорлиги, қулайлиги ва нисбатан арзонлиги ҳисобига оммалашиб бормоқда. Биргина 2024 йилда P2P (онлайн) транзакциялар сони қарийб 71 миллионтага етган бўлса (2023 йилга нисбатан ўсиш 47 фоиз), ўтказмалар ҳажмининг келиб тушган жами маблағлар ҳажмидаги улуши 40 фоизгача кўпайди.
Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,8 млрд. долларни ташкил қилди. 2024 йилда банклар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси олди-сотди операциялари айланмасининг умумий ҳажми 2023 йилга нисбатан 19 фоизга (4 млрд доллар) кўпайиб, 25,5 млрд. долларни ташкил этди. Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан банкларга 16,1 млрд. доллар миқдоридаги ёки 2023 йилга нисбатан 31 фоизга кўп чет эл валютаси сотилган.
Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан банклардан харид қилинган чет эл валютаси ҳажми 2023 йилга нисбатан 3 фоизга ўсиб, 9,4 млрд. долларга етди. Натижада, жисмоний шахслар томонидан банкларга сотилган чет эл валютаси ҳажми сотиб олинган чет эл валютаси ҳажмидан 6,7 млрд. долларга кўп бўлиб, ушбу ижобий фарқ ўз навбатида ички валюта бозорида қўшимча таклиф манбаи бўлиб хизмат қилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА