
Бугунги кунда кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиб бормоқда. Айниқса, ёшлар орасида ҳам гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни, электрон сигаретларни истеъмол қилаётганлар сони ортаётгани сир эмас. Бу каби воситалар инсон саломатлигига зиён етказиши, ақлий салоҳиятига, инсонийлик қиёфасига соя солиши барчамизга кундек равшан.
Контрабанда ашёлари, хусусан, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш, юртимизга кириб келишининг олдини олишда божхона органлари алоҳида ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Чориев парламент қуйи палатасидаги «Адолат» СДП фракциясининг йиғилишида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш борасидаги ишлар, бу борада аниқланган ҳолатлар хусусида қуйидагиларни маълум қилди:
– Божхона органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда амалга оширилган тадбирлар натижасида 2020-2022 йиллар давомида 1 тонна 560 кг. гиёҳвандлик воситалари, 271 минг дона психотроп ва 542 минг дона кучли таъсир қилувчи моддалар аниқланди. Хусусан, 2020 йилда 280 кг., 2021 йилда 531 кг., 2022 йилда 748 кг. гиёҳвандлик воситалари ушлаб қолинди.Таъкидлаш лозимки, 2022 йилда аниқланган гиёҳвандлик воситалари миқдори 2020 йилга нисбатан 2,7 бараварга ошган. Сўнги уч йилда аниқланган ҳолатлар бўйича 362 кг. «героин», 602 кг. «гашиш», 275 кг. «опий», 249 кг. синтетик наркотиклар, 72 кг. «марихуана», 88 минг дона «Трамадол» таблеткалари ашёвий далил сифатида олинди. Аниқланаётган ҳолатлар таҳлили наркотик воситалар республикамиз ҳудудига асосан Афғонистон ва Тожикистон орқали кириб келаётганини кўрсатмоқда, – деди Отабек Чориев.
Шунингдек, божхона вакили бугунги кунда кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кўпайиб бораётганига урғу бериб, бу борадаги рақамларни очиқлади. Таъкидланганидек, божхона органлари томонидан 2020 йилда 40 минг дона, 2021 йилда 185 минг дона, 2022 йилда 317 минг дона таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган дори воситалари ушлаб қолинган. 2022 йилда аниқланган кучли таъсир қилувчи моддалар миқдори 2021 йилга нисбатан 1,7 бараварга ошган. Унинг сўзларига кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд дори воситаларининг гиёҳвандлик воситаларига нисбатан арзонлиги ва талабнинг кўпайиб бораётганлиги жиноий гуруҳлар томонидан уларни республика ҳудудига айланма йўллар орқали олиб киришга уринишларини кўпайтирмоқда.
Дарҳақиқат, мўмай даромад илинжида оғу тарқатаётганлар бу жирканч иш билан шуғулланишда инсонийлик қиёфаларини унутиб қўйишади. Гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилишни бошлаган шахс эса унга ўрганиш ҳосил қилиб, кўп вақт ўтмай, бу воситаларга тўла тобе бўлиб қолади.
Оқибатда гиёҳвандга айланиб, меҳнатга яроқсиз ҳолга келади. Гиёҳвандликка, кучли таъсир қилувчи моддаларга тобелик эса охир-оқибат жиноятга, турли жирканчликларга бошлайди. Шундай экан, бу борадаги иллатга биргаликда кураш олиб боришимиз, ён-атрофимиздаги ёшларнинг юриш-туриши, атрофидаги дўсту танишлари ким эканлигига эътиборли бўлишимиз, бу масалага панжа ортидан қарамаслигимиз лозим.
Муҳтарама Комилова, ЎзА