20 октябрь – Бутунжаҳон статистика куни
БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йил 3 июндаги резолюциясига асосан 20 октябрь – Бутунжаҳон статистика куни деб эълон қилинган. Ушбу сана ҳар беш йилда бир маротаба кенг миқёсда ўтказилади.
Мазкур резолюцияга кўра, БМТ барча аъзо мамлакатларни, халқаро ва минтақавий ташкилотларни, илмий-тадқиқот институтларини, оммавий ахборот воситаларини, расмий статистиканинг барча фойдаланувчиларини ушбу кунни кенг байрам қилишга, шу билан бирга статистик маълумотларнинг очиқ, холис ва ҳаққонийлигини таъминлашга чақиради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги Ўзбекистон Республикаси Open Data Inventory (ODIN) очиқ маълумотлар рейтингида 195 та мамлакат орасида 70 балл билан 30-ўринга кўтарилди ҳамда Марказий Осиёда 1-ўринни сақлаб қолди. ODIN 2023 йилдан бошлаб Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ) индикаторлари қаторига киритилди. Бу, ўз навбатида, рейтингнинг нуфузи ошишига ва 2030 йилга қадар БРМ мақсадларига эришишни мониторинг қилишда мамлакатларнинг очиқ маълумотлардан кенгроқ фойдаланилишига олиб келади.
Агентлик томонидан 2017 йилда 6 та халқаро ташкилотнинг 20 га яқин саволномалари тўлдирилган бўлса, 2023 йилга келиб 17 та халқаро ташкилотнинг 49 турдаги саволномаси асосида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларига оид маълумотлар тақдим этилиши режалаштирилган.
Статистика соҳасида қабул қилинган халқаро тавсиялар ва стандартларни Миллий статистика тизимига жорий қилиш, халқаро тажрибани ўрганиш ва тизим фаолиятини доимий равишда такомиллаштириб бориш мақсадида 10 дан зиёд халқаро ташкилотлар ҳамда 11 та хорижий давлатлар статистика идоралари билан фаол халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш ечимлари тармоғи (SDSN) ва халқаро экспертлар томонидан 2023 йилда эълон қилинган БРМ (SDG index) рейтингида Ўзбекистон 71,1 индекс билан 166 та мамлакат орасида 69-ўринни эгаллади. Бу натижа 2022 йилга нисбатан 8 поғонага ошган. 2022 йилда Ўзбекистон 69,9 индекс билан 77-ўринда қайд этилган эди.
М.Комилова, ЎзА