2 минг 290 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди
Бухоро шаҳар Халқ қабулхонаси ташаббуси билан ҳудуддаги тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган ҳамда ишсиз ёшларни тадбиркорликка жалб қилган ҳолда уларнинг бандлигини таъминлаш борасида “Ёшлар ва тадбиркорлар” учрашуви бўлиб ўтди.
Унда фаолият олиб бораётган бир қатор ишбилармон тадбиркорлар, масъул корхона, ташкилот ходимлари ҳамда ёшлар қатнашди.
Таъкидланишича, шаҳарда 18-30 ёшдаги ёшлар сони 58 минг 884 нафарни ташкил этади. Тузилган ишчи гуруҳлар томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, шулардан 2 минг 553 нафари ишсиз ёшлар экани аниқланган.
Мазкур ёшлар бандлигини таъминлаш борасида йил аввалида дастур ишлаб чиқилди. Дастурга мувофиқ қурилиш соҳасида 345, тадбиркорликка 784, қишлоқ хўжалигига 273, бандлик жамғармаси томонидан касбга йўналтириш бўйича 65 ҳамда 1 минг 86 нафар ёшлар бошқа йўналишлар доирасида бандлиги таъминланиши режалаштирилганди. Бу борада ишлар тизимли ташкил этилди. Бугунги кунга қадар 2 минг 290 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. Шундан 900 нафари ҳокимлик ва сектор штаблари томонидан, 1 минг 390 нафар ёшлар тармоқ корхоналар томонидан амалга оширилган.
Ёшларга ўз бизнес режаларини ишлаб чиқишда таълим муассасалари ўқитувчилари, меҳнат бўлими ходимлари, Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда коллежларда мунтазам равишда учрашув ва семинарлар ўтказиб келмоқда. Семинарларда тадбиркорликни бошлаш учун ишончли ғоя, сармоя ва билим зарурлиги таъкидланмоқда. Бизнес учун қаердан пул жалб қилиш мумкинлиги тушунтирилмоқда.
Тадбирда “Бухоро миллий либослари” хусусий корхонаси раҳбари Азиз Рўзиев, “MEGA HOUSE” МЧЖ раҳбари Фарҳод Қосимов, “Pasquale” МЧЖ раҳбари Феруз Исмоилов, “Сулшержахон” МЧЖ масъул ходимлари ҳамда “Шоҳруд” АЖ масъул ходимлари ёшларга ўзларининг иш фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Тадбирда шаҳарда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари томонидан ёшларга тадбиркорлик сир асрорлари ва фаолият юритиш тартиблари тўғрисида тушунчалар берилди.