Банк – тадбиркорга кўмакчи
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан тадбиркорлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирокида семинар ўтказилди.
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан тадбиркорлар ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирокида семинар ўтказилди.Президентимизнинг шу йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида банклар томонидан ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Кейинги йилларда банклар кўмагида тадбкорлик фаолиятини бошлаётган йигит-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Ўтган ўқув йилида Самарқанд вилоятидаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битирган ёшларнинг 5 минг 300 нафарга яқини банкларнинг имтиёзли кредити асосида тадбиркорлик фаолиятини бошлади. Барча касб-ҳунар коллежларида битирувчиларга услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида “Ёш тадбиркор” хоналари ташкил этилган. Ҳар ҳафта банк ходимлари коллежларда амалий машғулотлар олиб бормоқда.
– Мамлакатимизда тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қуввватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди, янги қонунлар кучга кирди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарма бошлиғи ўринбосари Отабек Азимов. – Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб тадбиркорлик соҳасига рухсат беришга оид 16 ҳужжат қисқартирилди. 11 лицензияланадиган фаолият тури ва рухсат бериш характеридаги ҳужжатлар бирлаштириш йўли билан 5 тага камайтирилди. Кредитлашнинг тартиблари анча соддалаштирилиб, йиллик фоиз ставкалари мақбуллаштирилди. Бунинг натижасида жорий йилнинг ўзида тадбиркорлар учун ажратилган кредитлар миқдори ўтган йилга нисбатан 1,3 мартага кўпайди.
Семинарда прокуратура, савдо-саноат палатаси, солиқ ва бошқа идоралар вакиллари тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонунчиликдаги янгиликлар ҳақида маълумот берди.
Тадбирда вилоятдаги касб-ҳунар коллежларининг бир гуруҳ битирувчиларига тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун банклардан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.