15 апрель — Маданият ва санъат ходимлари куни
Маданият ва санъат миллатнинг юзи, қалбининг овози, ўтмиши ва келажагини боғлаб турувчи кўприкдир. Ўзбекистонда бу соҳанинг илдизлари жуда чуқур. Бир пайтлар кинотеатрларда одамлар жой тополмай, янги фильмни кўриш учун навбатда турган даврлар ҳам бўлган. Ўша фильмлар: “Шум бола”, “Маҳаллада дув-дув гап”, “Тоҳир ва Зуҳра” каби асарлар нафақат экранда, балки халқ хотирасида яшаб қолди.
Бу фильмлар шунчаки сюжет эмас эди. Улар орқали одамлар ўзини кўрди, ўз муҳитини таниди, кулди, ўйланди. Ҳатто айрим иборалар халқ орасида нақлга айланди. Демак, санъат инсонга таъсир қилиш, уни тарбиялаш ва жамиятда муайян қарашларни шакллантириш кучига эга.
Бугун замон ўзгарди. Илгари бир фильм бутун маҳаллани бирлаштирган бўлса, ҳозир ҳар ким ўз телефонида турли контентни томоша қилмоқда. Рақамли технологиялар, ижтимоий тармоқлар, турли платформалар — булар санъат учун янги имкониятлар очди. Лекин шу билан бирга, рақобат ҳам кескин ошди. Энди томошабинни ушлаб туриш осон эмас, у сифат, мазмун ва самимият талаб қилади.

Бугунги санъат инсон қалбига етиб боряптими? Ёки у фақат тез унутиладиган, бир кунлик маҳсулотга айланиб қоляптими? Деган савол туғилади. Чунки ҳақиқий санъат вақт синовида тобланиб, авлоддан-авлодга ўтади.
Шу нуқтаи назардан қараганда, маданият ва санъатга эътибор — бу фақат бир соҳани ривожлантириш эмас. Бу миллатнинг маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг дидини шакллантириш ва жамиятни бирлаштириш демакдир. Агар санъат кучли бўлса, жамият ҳам руҳан кучли бўлади.
Энг муҳими, бугунги ижодкорлар олдида миллийликни сақлаб қолиш ва замон билан ҳамнафас бўлиш вазифаси турибди. Ана шу мувозанат топилса, ўзбек маданияти ва санъати янада юксак босқичга кўтарилиши шубҳасиз.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА