14 июнь – Бутунжаҳон донорлар куни
Донор бўлинг ва ҳаётни сақлаб қолинг!
Маълумки, инсон организмида 4,5-5 литр қон бўлади. Илмий изланишлар ва кузатувлар шуни кўрсатадики, 500 миллилитргача қон топшириш организм учун хавфсиз ҳисобланади. Ҳар бир донорлик амалиётида ўртача 350-400 миллилитр қон олинади. Донорлик нафақат қон олувчи, балки қон берувчининг саломатлиги учун ҳам фойдалидир.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, донорлар бошқаларга қараганда 5 йилдан кўп умр кечиради. Ҳар қандай қон топшириш организм учун енгил стресс ҳисобланади. Бундай енгил стресслар ташқи муҳитнинг салбий омилларига таъсирчанликни оширади. Доимий равишда қон ва унинг компонентларини топшириш ҳужайраларнинг табиий янгиланишига ва организм ёшаришига олиб келади.
2002 йил 30 августдаги “Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ, қон ва унинг таркибий қисмларини тиббий эҳтиёжлари учун топшириш донор томонидан ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.
Шундай фидокорликни амалга ошираётган, ўз ихтиёри билан донорлик қилиш орқали ўзгаларга кўмак бераётган кўплаб юртдошларимизни қаҳрамон десак, асло янглиш бўлмайди.
[gallery-7560]
14 июнь – Халқаро донорлар куни муносабати билан Фарғона вилоят қон қуйиш марказида бўлиб ўтган тадбирда йиллар давомида ўз саломатлигини асраб, донорлик қилиш орқали ўзгаларга кўмак бериб келаётган қаҳрамонлар эътироф этилди. Мазкур сана жорий йилда “Донор бўлинг ва ҳаётни сақлаб қолинг!” шиори остида ўтказилди.
Шунингдек, қон қуйиш маркази билан ҳамкорликда донорлик тадбирларида фаол иштирок этиб келган ҳарбий қисмлар, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда кўплаб ташкилотларга вилоят ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармасининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Улар қаторида “Адолат” социал демократик партия вилоят Кенгаши ҳам муносиб ўрин олди. Шу куннинг ўзида тадбир иштирокчиларининг кўпи савобли ишга қўл уриб, донорга айланди.
Тадбир давомида ёш истеъдод эгалари томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди. Жажжи қизалоқларнинг рақслари олқишларга сазовор бўлди.
Муқимжон ҚОДИРОВ, ЎзА