1300 дан зиёд бола учун янги саҳифа очилди
Бугун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатларда «Биринчи қўнғироқ» садолари янграб, 2026/2027 ўқув йили бошланди.
Янги ўқув йили тизимдаги таълим муассасалари учун муҳим янгиликлар ва янги имкониятлар билан бошланди. Хусусан, тизимда илк бор 1 та инклюзив марказ, 3 та инклюзив мактаб ҳамда ҳар бир ҳудудда биттадан кўп тармоқли мактаб фаолияти йўлга қўйилди.
Бу эса турли тоифадаги болаларга ўз таълим эҳтиёжларига мос йўналишларда бир муассасада, тенгдошлари билан бирга таълим олиш имкониятини яратмоқда. Айниқса, инклюзив таълимнинг кенгайиши ҳар бир боланинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, уларнинг қобилияти ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун янада қулай шароит яратади.

Янги ўқув йилида тизимдаги мактаб ва мактаб-интернатларнинг 1-синфига 1 300 нафардан ортиқ бола қабул қилинди. Илк бор мактаб остонасига қадам қўйган болажонларга «Президент совғалари», шунингдек, янгиланган дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар топширилди.

Зеро, ҳар бир боланинг сифатли таълим олиши, ўз истеъдодини намоён этиши ва жамиятда муносиб ўрин топиши учун тенг имконият яратиш — энг муҳим вазифалардан биридир. Инклюзив таълимга берилаётган эътибор эса нафақат таълим тизимидаги, балки жамиятдаги инсонпарварлик ва тенглик тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Янги ўқув йили барча ўқувчилар учун янги орзулар, эзгу мақсадлар ва улкан ютуқлар бошланиши бўлсин. Илк қўнғироқ садолари ҳар бир боланинг бахтли келажаги, билим ва имкониятлар сари дадил қадамларининг рамзига айлансин!
Н.Раҳмонова, ЎзА