Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан бир гуруҳ 100 ёшдан ошган ҳамюртларимиз Президентимиз фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланишди.
Улар орасида Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида истиқомат қилувчи 112 ёшли Наржан момо Зарипова ҳам бор.
Онахонга мамлакатимизнинг юксак мукофотини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов топширди ва байрам билан муборакбод этди.
Умрини далада оддий ишчи бўлиб ўтказган Н.Зарипова узоқ йиллар пахтачилик ва ғаллачилик соҳаларида самарали меҳнат қилди.
1913 йилда туғилган момо ўзи тарбиялаб вояга етказган 9 нафар фарзанди, 30 нафар невараси, 60 нафар чевараси, 11 нафар эварасининг ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Ҳар куни Ватанимизга тинчлик, эл-юртимизга омонлик, ёшларимизга эса омад, бахту саодат ҳамда куч-ғайрат тилаб келмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири