11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихига кирадиган кун бўлди
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Vlll қурултойи иштирокчиларига табригини барча қатнашчилар тарихий воқеа сифатида кутиб олдилар.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов "Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари: Федерациянинг 2016-2020 йиллардаги фаолияти ва миллий тараққиётнинг замонавий босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари тўғрисида"ги маърузаси катта эътибор билан тингланмоқда.
Қурултой ишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этмоқда.
Қурултойда мазкур жамоат ташкилоти раҳбари Қудратилла Рафиқов маъруза қилмоқда.
– 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳаётида унутилмас тарихий кун бўлди, десам муболаға эмас, – деди Қудратилла Рафиқов. – Бугун мустақил давлатимиз тарихида илк бор давлатимиз раҳбари қурултой қатнашчиларига табрик йўллади. Бу табрик келгусидаги фаолият йўналишимизни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади.
Қурултойда мазкур жамоат ташкилоти, унинг барча бўғинларининг фаолияти таҳлилий тарзда очиқ муҳокама қилинмоқда.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, юртимиз тарихида илк бор давлатимиз раҳбари Касаба уюшмалари федерацияси қурултойи иштирокчиларига табрик йўллагани, унда 11 ноябрни "Касаба уюшмалари куни" деб белгилаш таклифи билдирилгани соҳага бўлган юксак эътибордан даракдир.
Н.Усмонова, ЎзА