11 минг 671 дона кучли таъсир қилувчи дори воситасининг ноқонуний муомаласи фош этилди
Қашқадарё вилоятида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши ўтказилган тезкор тадбир давомида 11 минг 671 дона шундай препарат аниқланди. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда Қарши шаҳрида тезкор тадбир ўтказган.

Тадбир давомида Қарши шаҳрида яшовчи омбор мудири шартли харидорга 6 миллион сўм эвазига 6 минг дона «Бензонал» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини сотаётган вақтида ушланган.
Шундан сўнг унинг иш жойидаги омборхона холислар иштирокида кўздан кечирилди. У ерда келгусида ноқонуний реализация қилиш мақсадида сақланаётган 108 қути, жами 5 минг 400 дона «Бензонал» ҳамда ёрлиқлари олиб ташланган 271 дона «Тропикамид» дори воситалари борлиги аниқланган.

Шу тариқа тезкор тадбир давомида жами 11 минг 671 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилди ва вақтинча сақловга олинган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири