Марказий банкнинг Жисмоний шахсларнинг валюта операциялари бўйича қисқача шарҳида қайд этилишича, жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари 12,6 миллиард долларни ташкил қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34 фоизга ошган.
Мазкур пул ўтказмаларининг 78 фоизи Россиядан (9,8 млрд доллар) келиб тушган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мазкур даврига нисбатан 35 фоизга ошган. Ушбу трансфертларнинг қолган қисми Қозоғистон (699 млн доллар), АҚШ (470 млн доллар), Жанубий Корея (458 млн доллар), Туркия (331 млн доллар), Буюк Британия (109 млн доллар) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажмида кузатилган ўсиш тренди асосан меҳнат муҳожирларини қабул қилувчи асосий ҳамкор мамлакатларда иқтисодий фаоллик ва иш ҳақи миқдорининг ошиши ҳамда ривожланган мамлакатларга меҳнат миграцияси оқими кўламининг кўпайиши билан изоҳланади.
Мисол учун, интернет платформаларидаги маълумотларга кўра, Россияда меҳнат муҳожирлари фаолият юритадиган асосий соҳаларда таклиф қилинаётган иш ҳақи миқдори ўртача 38 фоизга ошган. Жумладан, иш ҳақи миқдори қурилиш соҳасида 55 фоиз, етказиб беришда 48 фоиз, такси ва ресторан хизматларида 46 фоиз ҳамда юк ташиш соҳасида 14 фоизгача кўпайган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон миграция агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йил бошидан ишлаш истагида бўлган 113 минг нафардан зиёд фуқаролар, асосан, ривожланган мамлакатларга расмий, хавфсиз ҳамда уюшган ҳолда ишга юборилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,6 баробарга ошган.
Бу ҳолат Ўзбекистонга хориждан жўнатилган халқаро пул ўтказмалари ҳажмида ҳам намоён бўлмоқда.
Хусусан, 2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан АҚШдан 37 фоизга, Жанубий Кореядан 71 фоизга, Буюк Британиядан 76 фоизга ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларидан 41 фоизга ўсиш кузатилди.
Шунингдек, 2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 7 миллиард доллари анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2023 йилга нисбатан ўсиш 19 фоиз), 4,9 миллиард доллари хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) ўтказмалари орқали (ўсиш 52 фоиз) ҳамда 650 миллион доллари банк ўтказмаси (SWIFT) орқали (ўсиш 2,4 баробар) амалга оширилган.
Бунда, 2024 йилда хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) келиб тушган маблағларнинг жами ўтказмалар ҳажмидаги улуши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоиз бандга (39 фоизгача) ошди.
2024 йил бошидан P2P (онлайн) пул ўтказмалари кўламининг сезиларли даражада ошиши трансчегаравий тўлов тизимлари инфратузилмасининг ривожланиши ҳамда жисмоний шахслар орасида мазкур хизматларнинг кенг оммалашуви билан изоҳланиши мумкин.
Хусусан, 2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида P2P (онлайн) транзакциялари сони қарийб 59 миллионтага етиб, ўтган йилга нисбатан 46 фоизга кўпайган.
Шунингдек, 2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,3 миллиард долларни ташкил қилди.
2024 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида банклар ҳамда жисмоний шахслар ўртасидаги чет эл валютаси хариди ва сотуви бўйича операциялар айланмаси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 19 фоизга (3,3 млрд доллар) кўпайиб, 20,9 миллиард долларни ташкил этди.
Мазкур даврда жисмоний шахслар томонидан банкларга 13,2 миллиард доллар миқдоридаги ёки 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга кўп чет эл валютаси сотилган.
Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан харид қилинган чет эл валютаси ҳажми ўтган йилга нисбатан 2 фоизга ўсиб, 7,7 миллиард долларга етди.
Натижада жисмоний шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган таклиф ҳажми талаб ҳажмидан 5,5 миллиард долларга кўп бўлди.
Ш.Маматуропова, ЎзА