1 июлдан битта ариза ва битта тўлов билан барча коммунал тармоқларга техник шарт олиш имкони яратилади
Ўтган йили қурилиш билан боғлиқ 2 миллион 600 мингдан зиёд аризанинг учдан бири рад этилган.
– Масъуллар “Камчилиги учун қайтардик”, деб айтади. Лекин ичига кириб таҳлил қилса, масала кўп. Ҳамма билиб, билмаганга олади, аслида, бу – коррупция! Бунга чек қўйишнинг бирдан бир йўли – рақамлаштириш ва сунъий интеллект, – деди давлатимиз раҳбари.
Аҳоли ва тадбиркорлар қурилиш қилиш учун аввал лойиҳалашга рухсат олишга, кейин архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқишга алоҳида-алоҳида ариза бериб, ойлаб вақт сарфламоқда.
Тошкент шаҳрида 2 та хизматни бир босқичда кўриб чиқиш йўлга қўйилгани учун ҳужжатларни келишиш вақти 3-4 карра камайди. Ушбу тажрибани 1 июлдан бошлаб, республиканинг барча ҳудудларида жорий қилиш топширилди.
Ҳозирда электр, газ, сув ва канализацияга уланиш бўйича техник шарт олиш учун ҳам ҳар бир коммунал идорага алоҳида мурожаат қилиш керак. 1 июлдан битта ариза ва битта тўлов билан барча коммунал тармоқларга техник шарт олиш имконини яратиш вазифаси қўйилди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.
ЎзА