1-чорак якунлари муҳокама этилди
“Навоийуран” давлат корхонасида жорий йилнинг 1-чорагида уран ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, эришилган натижалар ва келгуси вазифалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, жорий йилнинг дастлабки чорагида 3,7 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 5,5 миллион погонаметр геология-қидирув, қарийб 1,5 миллион погонаметр технологик бурғилаш ишлари амалга оширилди, 100 миллион куб метрдан ортиқ маҳсулдор эритма олинди.

– Экспорт ҳажми кўрсаткичлари 108,8 фоизга бажарилди, – дейди корхона бош директори Джамал Файзуллаев. – Инвестиция дастури лойиҳаларини амалга ошириш доирасида эса корхонада 35,5 миллион доллар капитал қўйилма ўзлаштирилди. Маҳаллийлаштириш дастуридаги 15 та лойиҳа доирасида 41 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Саноат кооперацияси асосида маҳаллий корхоналардан 449 миллиард сўмлик маҳсулот харид қилинди. Импортни қисқартиришнинг мақсадли кўрсаткичлари қарийб 15 миллион долларни, бюджетга тўловлар ва солиқлар қиймати эса 1,2 триллион сўмни ташкил этди. Ҳисобот даврида жами таннархни камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг бажарилиши натижасида қарийб 145 миллиард сўм иқтисод қилинди.

Йиғилишда корхонанинг ҳисобот давридаги фаолияти аниқ кўрсаткичлар асосида таҳлил қилиниб, эришилган натижалар билан бир қаторда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаган жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Ҳисобот даврида уран ишлаб чиқариш, геология-қидирув ишларини ривожлантириш, янги конларни аниқлаш ва захираларни ошириш борасида амалга оширилган ишлар ижобий баҳоланди.

Муҳокамалар давомида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали ишлаб чиқариш жараёнларининг ҳар бир босқичида фаолият самарадорлигини онлайн режимда назорат қилиш ва таҳлил этиш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш, инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш, қазиб олиш жараёнлари устидан назоратни кучайтириш бўйича қатъий чоралар кўриш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, технологик қудуқлар сифатини яхшилаш, геотехнологик конлар фаолиятини такомиллаштириш, бурғилаш ва геология-қидирув ишларининг самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири