“Ўй-бўй қарағим, казир, казир...“
Бу икки юртбоши икки кўшни Республикани мустақил давлат ва ҳур миллат сифатида шаклланиши, оёққа туришининг мураккаб ва оғир сўқмоқларидан ўтказиб, бугунги кунга етказишди.
2019 йил – Ўзбекистонда Қозоғистон йили
II қисм
Фотосуратим бор. У қўлимда микрофон билан Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ҳамда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовдан интервью олиб турган пайтимда суратга олинган. Бу икки юртбоши икки кўшни Республикани мустақил давлат ва ҳур миллат сифатида шаклланиши, оёққа туришининг мураккаб ва оғир сўқмоқларидан ўтказиб, бугунги кунга етказишди.
Ҳар гал Тошкент – Чимкент трассаси бўйлаб акаларим, қариндош-уруғ, таниш-билишларим олдига кетаётганимда (давлат чегарасида, икки суверен давлат эмасмиз-ми) қийналиб қоладиган вазиятлар содир бўлиб қолса йўл оғаларига мен ўша суратни кўрсатиб, бу кишиларни танийсизлар, исми-шарифларини айтмай қўяқолайин, мана буниси эса –мен деганимда, улар ҳайрон бўлиб бир суратга, бир менга қараб: бир дақиқалик сукунатдан сўнг чеҳраларида илиқ табассум пайдо бўлиб: “ўй-бўй қарағим, казир, казир”, – дея йўл очиб қўйиб юборишар эди.
Қозоқ биродарларимга билдирадиган яна бир миннатдорлигим қалбимда бир умр жўш уриб туради. Чимкент вилояти акимияти раҳбарлигида шаҳардаги Марказий боғда Иккинчи жаҳон урушининг қатнашчилари қаторида исми шарифлари мармарга ўйилиб: “А (Абдумалик). Абдухолиқов” деб ёзилиб, менинг урушда шаҳид кетган падари бузрукворимга қўйилган ёдгорлик учун чексиз миннатдорчилигимизни изҳор этаман. Бу қардош қозоқ халқининг, жумладан, ўзбек фарзандига, биродарига билдирган муносабати, меҳрибончилиги-ки, унга доимо бош эгиб таъзим қиламан.
Чимкентдаги ўрта мактабларда таълим-тарбия ишлари яхши йўлга қўйилган. Болаликда олган билимларим ҳали-ҳамон ёдимда. Ўқитувчиларим – Мирзо Улуғбек номидаги 3-сонли ўрта мактаб директори Қудрат Чалабоев, менда адабиётга меҳр уйғотган Маҳбуба опам Умарова, ҳисоблайдиган бўлсак, ҳаммасини санаш керак, чунки улар ўз ишини жонидан севадиган, баркамол ёшларни тарбиялашга бел боғлаган илмпарвар инсонлар эди. Улар Қозоғистон Республикаси Маориф вазирлиги, Қозоғистондаги ўзбек мактабларининг ҳалол, талабчан ва тажрибали ўқитувчилари, тарбиячилари эди.
Қозоғистон маорифи ходимлари ўзлари тер тўкиб, вақти-соатини аямай билим бериб тарбиялаган битирувчиларини Ўзбекистонга, олий ўқув юртларига ўқишга йўллади. Бағрикенгликни қаранг, Қозоғистонда туғилиб, нонини еб, сувини ичиб, униб-ўсиб, ўн йил ўқитган болаларини қаерда хоҳласа, шу ерда – Тошкентдами, Олмаотадами, Самарқанддами ўқиб, меҳнат қилиш ва яшаш ихтиёрини ўзларига берди.
Ўзбек ва қозоқ халқларини ўзаро боғловчи иплар ниҳоятда мустаҳкам. Тарих ва тақдир ихтиёри шундай бўлдики, Соҳибқирон Амир Темур Қозоғистоннинг Ўтрор шаҳри ёнида Хитойга юриш билан кетатуриб, қиш фаслида қаттиқ шамоллаб, туз-насибаси тугаган эканми, омонатини Аллоҳга топширади. Соҳибкирон майити Ўтрор, Туркистон, Чимкент, Тошкент шаҳарлари орқали Самарқандга етказилди. Бу йўлларнинг Қозоғистондаги қисми ҳозир “Тамерлановское шоссе” – Буюк Темур йўли деб юритилади.
Ўзбекларнинг қозоқлар билан ери, табиати, маданияти, иқлим шароити, кўҳна тарихи бир, турмуш тарзи яқин, авлод-аждодлари чатишиб кетган. Туркистонда Хожа Аҳмад Яссавийга Соҳибқирон Амир Темур қурдирган машҳур мақбарани, Яссавий қабрини тавоф қилиб, хайр-эҳсон қилинадиган машҳур Туркистон қозонини томоша қилиб ташқарига чиққанингизда мақбаранинг шундоққина биқинида бежиримгина қилиб ишланган яна бир кичикроқ мақбарага дуч келасиз. Мақбара пештоқига бу ерда Амир Темурнинг суюкли набираси, буюк ўзбек астроном олими Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия Султон бегим ҳоклари ором топмоқда, деб ёзиб қўйилган. Гап шундаки, 1451 йили Улуғбекнинг қизи Робия Султон бегим қозоқларнинг биринчи хони деб тан олинган Абулхайрхонга турмушга чиқади. Робия Султон бегим ундан беш фарзанд кўради ва 1485 йили қазо қилгач, Аҳмад Яссавий мажмуаси ёнидаги жуфти ҳалоли Абулхайрхон ётган ана шу мақбарага қўйилишини васият қилади.
Тошкент марказидаги энг серқатнов кўчалардан бирига буюк қозоқ шоири Абай номи берилган. Бу ерда қозоқ меъморчилиги анъаналарини ўзида мужассам этган Қозоғистон Республикасининг маҳобатли элчихонаси биноси ҳам қад кўтарган. Унда Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси ўз мулозимлари билан фаолият юритади. Ёдимда, элчихона биносининг очилишига Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев келган эди. Икки давлат ўртасидаги мазкур дипломатик тадбир тантаналарида, шунингдек, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳам қатнашганди.
Қадимги ажойиб анъаналар қайта тикланмоқда. Ёдимда, илгарилари адабиёт-санъат декадалари – ўн кунликлари ўтказилар эди. Ёзувчи-шоирлар мушоиралар ташкил қилишарди, театрлар гастроллари уюштирилар эди. Энди бу учрашувлар кенг кўламда ва янада қизғин – икки давлат, икки миллат ўртасидаги дўстона йирик халқаро анжуман мақомида ўтказилмоқда. 2018 йили Қозоғистонда Ўзбекистон йили ўтган бўлса, 2019 йили Ўзбекистонда Қозоғистон йили ўтказилмоқда. Шу муносабат билан мамлакатимизда кўплаб маданий-маърифий тадбирлар, адабий учрашувлар, қозоқ театри, эстрадаси артистлари гастроллари, қозоқ ҳужжатли ва бадиий фильмлари фестиваллари бўлиб ўтмоқда. Қозоқ музейларининг ноёб экспонатлари, тасвирий санъат ва фото усталарининг асарлари намойишга қўйилган кўргазмалар ташкил этилган.
Ўтган йили Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Қарор асосида Абай Қўнонбоевнинг “Сайланма” асари чоп этилди. “Ўзбек ва қозоқ адабий алоқалари” номли адабий-таҳлилий мақолалар тўплами нашрдан чиқди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида “Абай ва ўзбек адабиёти” номли доимий экспозиция ташкил этилди. Ҳар йили шоир туғилган куни Тошкент шаҳридаги Абай Қўнонбоев ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, мушоира ўтказилмоқда. Ўзбекистон ўқувчи ва талаба-ёшлари ўртасида “Абай асарларининг билимдони” мавзуида иншолар кўрик-танлови бўлиб ўтди. Оммавий ахборот воситаларида Абай Қўнонбоев ҳаёти ва ижоди ҳақида туркум кўрсатув ва эшиттиришлар, мақолалар чоп этилаяпти. Икки давлат кинематографлари томонидан бадиий ва ҳужжатли фильмларни суратга олишга келишиб олинди.
Тошкентдаги Ўзбекистон давлат санъат музейида намойишга қўйилган “Қозоқларнинг Тутанхамони” номи остида жаҳонга машҳур бўлиб кетган – “Олтин қозоқ жигити” экспозициясининг очилиши Ўзбекистон маданий ҳаётида катта воқеа бўлди, дейиш мумкин. Қозоғистондаги Олой тоғи билан Қоратоғ ўртасидан оқадиган Или дарёси бўйида 1970 йилда очилган қабр ва ноёб олтин топилмалар жаҳон археологияси, дунё маданий ҳаётида катта воқеага айланган эди. Кўҳна бу қабрда эрамиздан аввал IV-III асрларда яшаган қозоқ ботири соф олтиндан тайёрланган тилло кийимларда кўмилган экан. Унинг ёнида топилган кумуш идишга эса кўп маъноли қилиб: “Сен келажакка қараб, афсус, эртароқ кетдинг!” деб ёзиб қўйилган. Олтин жигитнинг кийим-кечаги, идиш-товоғи, зебу-зийнати алоҳида-алоҳида 4 минг дона олтин анжомлардан иборат. Олтин тангачалар билан қопланган бахмалсимон чарм кийим, учи учқур узун олтин қалпоқ, олтин этик, олтин қалқон ва олтин ўқдон, тоғ қоплони, архар – тоғ эчкиси каби ҳайвонларнинг олтиндан ясалган ҳайкалчалари, олтин белбоғ, олтин бургут, олтин қамчи ва бошқа асбоб-анжомлар кўзни қамаштириб, кишини ҳайратга солади. Қозоқ археологларининг бу топилмаси Қозоғистон давлатининг миллий символи – рамзи даражасига кўтарилди. Унинг тасвири яқинда чиқарилган минг тангалик олтин танга пулда, Қозоғистоннинг турли юбилей саналарига бағишлаб тайёрланган медалларда ўз аксини топди. Олмаота шаҳрининг бош майдонида Қозоғистон Мустақиллигига бағишлаб ўрнатилган монументда “Олтин қозоқ жигити”нинг асл нусхасидан тайёрланган ксеронусхаси қад кўтариб турибди...
Сиз 2019 йил – Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб номланган мақоланинг иккинчи қисми билан танишдингиз. Мақоланинг учинчи қисми кейинроқ эълон қилинади.
Сайтимизни кузатиб боринг.