Ўқувчилар таълим олишда давом этмоқда, бунга коронавирус халал бера олмайди
Шу кунларда карантин туфайли ўқувчилар ва ўқитувчилар таътилга чиқишган.
Шу кунларда карантин туфайли ўқувчилар ва ўқитувчилар таътилга чиқишган. Хўп, бу ҳамма уйда қамалиб ўтирибди, фойдали иш ёки дарс тайёрлаш ҳеч кимнинг эсига келмайди деганими?
Бу саволга пойтахтимиздаги 146-умумтаълим мактаби директори ўринбосари Ҳасанбой Қосимов шундай фикр билдирди.
- Йўқ, албатта, - дейди Ҳ.Қосимов. - 1500 нафардан ортиқ ўқувчининг ҳаммаси дарс тайёрламоқда, ўқиш билан банд. Бунинг учун мактабдаги 47 та синфнинг ҳар бири учун алоҳида телеграм канали очилган. Унда фан ўқитувчилари учинчи чоракда қолиб кетган дарсларни ўтмоқда. Мақсад ўқувчиларни ўқув дастурига етказиб олиш ва уларнинг бекор қолмаслигини таъминлаш.
Айни вақтда дарс жадвали асосида бошланғич синфларда ўзлаштириш 100 фоизни ташкил этмоқда. Юқори синфлар, яъни 9-11-синфларда эса натижа 90 фоизга етди. Бунда топшириқлар масофадан туриб берилмоқда. Уй вазифалари ҳам бажарилиб, телеграм канал орқали юборилмоқда. Йиғилган жавобларни ўқитувчи баҳолайди. Шу тарзда ҳамма бир-бирини хато ва камчиликларини кузатиб, тўғрилаб бормоқда.
Масофавий таълимнинг ҳам ўзига хос афзалликлари бор экан. Бунда ўқувчи ўзига қулай вақтда ўз оиласи, тураржойи, шуғулланадиган машғулоти ва ишидан ажралмаган ҳолда билим олмоқда. Қолаверса, ўқитиш учун катта ресурс талаб қиладиган синфлар, кўргазмали жиҳозларга зарурат йўқ. Ахборот технологиялари замонида бу анча қулай албатта. Муҳими, интернет ишлаб турса, бас.
Дарсдан ташқари онлайн тарзда бир қатор танловлар ўтказилмоқда. “Энг севимли китоб” иншолар танлови, “Юртимизда, баҳор!” расмлар танловида ўқувчилар катта иштиёқ билан иштирок этмоқда. Ҳатто, шахмат шашка мусобақаларида ҳам фаол иштирок этишмоқда. Бунда ҳамма ўзининг позициясини суратга тушириб юборади. Якунида ота-оналар ва устозлардан тузилган ҳакамлар ғолибни аниқлайди.
Демак, болалар уйда билим олишдан чекланди ёки зерикиб қолди дейишга асос йўқ. Таълим бериш ва сабоқ олиш давом этмоқда. Энг асосийси, бошидан не-не қийинчиликларни ўтказган, очарчилик йилларида ҳам иродасини кўрсата олган аждодларимиз ори учун ҳам бу синовлардан эсон-омон ўтмоғимиз шарт ва албатта, билим олиш ва илм ўрганишга бефарқ бўлмаган ҳолда.
Кейинги воқеалар бизга илм-фан қанчалик керак эканлигини янада англаш имконини бермоқда. Зеро, тарқалган пандемиянинг давосининг олимлар қанчалик тез топса, инсонлар юрагидаги хавф ҳам шунчалик тезроқ бартараф бўлади.