ҚҚС: Корхоналарга қандай имтиёзлар берилди?
Воҳада бошқа соҳалар қатори йилдан-йилга юксалиб бораётган тикув-трикотаж тармоғида ҳам ишлаб чиқариш тўхтагани йўқ.
Мамлакатимизда жорий этилган карантин даврида Сурхондарё вилоятидаги айрим тадбиркорлик субъектлари вақтинчалик ўз фаолиятини тўхтатган бўлса-да, йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқариш бир маромда карантин қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда давом этаётир.
Воҳада бошқа соҳалар қатори йилдан-йилга юксалиб бораётган тикув-трикотаж тармоғида ҳам ишлаб чиқариш тўхтагани йўқ. Аксинча, ишлаб чиқараётган маҳсулотларига қўшимча ниқоб тайёрлашни ўзлаштириб, аҳолини арзон ва ишончли ҳимоя воситаси билан таъминлашни йўлга қўйди.
Президентимизнинг жорий йил 5 майдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу жараёнда соҳадаги ишлар кўламини янада кенгайтириб, тармоқни ривожлантиришга қулай муҳит яратди.
– Кўзга кўринмас офат дунё иқтисодиётини инқирозга етаклаган шу кунларда давлатимиз томонидан тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати қўллаб-қувватланиб, уларга қатор имтиёзлар берилгани соҳани янада юксалтиришда муҳим ўрин тутмоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари И.Раҳматов. – Шунга асосан янги йилгача тўқимачилик саноати учун қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. Импорт қилинадиган хом ашёлар 2022 йилнинг 1 январига қадар божхона божи тўлашдан озод қилинди. Ҳозирги шароитда мазкур корхоналарнинг карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда узлуксиз фаолият юритаётгани ишчилар фаровонлигини, миллий иқтисодиётимиз барқарорлиги ва бюджетга мунтазам солиқ тушумлари тушушини таъминламоқда.

Термиз шаҳридаги “ZIF TEXTILE” масъулияти чекланган жамиятида тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Германия, Италия, Туркия давлатларининг замонавий дастгоҳлари билан жиҳозланган корхонада мингдан ортиқ ишчи меҳнат қилмоқда. Цехларда хавфли инфекция тарқалишининг олдини олиш ва ишчиларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш учун барча шароит яратилган.
Ишлаб чиқараётган тайёр маҳсулотларига ички ва ташқи бозорда талаб ортиб бораётган корхона жорий йилнинг 1-чорагида давлат бюджетига 290 миллион сўм, апрель ойида эса 74 миллион сўм солиқ тўлади. Давлатимиз раҳбари фармони билан тадбиркорларга қўшилган қиймат солиғини қайтаришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилгани соҳага қизиқишни янада оширди. Корхонани ривожлантиришга ишонч туйғусини мустаҳкамлади.

– Ушбу ҳужжат қабул қилинишидан илгари қўшилган қиймат солиғининг манфий қолдиғи яъни, тадбиркорларга қайтарилиши лозим бўлган суммалар валюта тушуми тушгандан сўнг амалга оширилаётган эди, – дейди “ZIF TEXTILE” масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси Олимжон Сарфаразов. – Фармон қабул қилингач, валюта тушуми тушишидан қатъий назар қўшилган қиймат солиғи харажатларини ҳисобга олишга рухсат берилди. Яна бир янгилик – шу пайтгача валюта тушумининг муддати 120 календарь кун ҳисобланар эди. Эндиликда 180 календарь куни ҳисобланадиган бўлди. Буларнинг барчаси биз учун катта имкониятдир.
Соҳада қўлланилаётган бу каби имтиёзлар синовли кунларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг иқтисодий салоҳияти, маҳсулот сифати ва ҳажмини ошириб, янги иш ўринлари яратишга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди.
