Қўрғонтепа туманида янги поликлиника
Қўрғонтепа туманидаги Тадбиркор маҳалласи ҳудудида 59-оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди.
Қўрғонтепа туманидаги Тадбиркор маҳалласи ҳудудида 59-оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди.
Тиббиёт ходимларининг касб байрами оилавий поликлиника жамоаси ҳамда маҳалла аҳли учун унутилмас воқеа бўлди. Шифокорлар байрами арафасида иш бошлаган оилавий поликлиника очилишига бағишланган тадбирда мамлакатимизда кейинги йилларда аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш, тиббиёт муассасалари учун мослаштирилган янги бинолар қуриш, уларни илғор ва замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида тиббий хизмат сифати ва савияси юксалганлиги таъкидланди.
– Кунига 150 қатновга мўлжалланган поликлиниканинг қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун қарийб 1 миллиард 760 миллион сўм маблағ сарфланди, – дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Абдукарим Абдуваҳобов. – Эндиликда вилоятнинг чекка ҳудудларидан ҳисобланган Тадбиркор, Бирлашган, Нафосат, Чорвадор, Обод, Янги Бўстон, Навбаҳор маҳаллаларининг 21 минг нафардан ортиқ аҳолисига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифати янада ортади. Турли хасталикларни эрта аниқлаш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш баробарида аҳолига катта қулайлик яратилди.
Замонавий қиёфага эга, дид билан жиҳозланган кенг ва ёруғ хоналари мавжуд мазкур поликлиникани таъмирлаш-қурилиш ишлари тумандаги “Тўғон таъмир” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан бажарилди. Бу ерда шифокорлар ва ташриф буюрувчилар учун зарур барча шароит яратилган.