"Мустақиллик дарвозаси" – Фарғонанинг рамзи
Халқимизнинг ўзига хос одати бор, ҳар бир хонадон остонасига албатта, дарвоза орқали кирилади.
Халқимизнинг ўзига хос одати бор, ҳар бир хонадон остонасига албатта, дарвоза орқали кирилади.
Тарихдан ҳаммамизга маълумки, барча асрларда алоҳида давлатларнинг ҳам, улар таркибидаги алоҳида маъмурий ҳудудларнинг ҳам кириш қисмига, яъни ҳудуд ерларига махсус дарвозалар орқали кириб борилган. Дастлабки даврларда бу дарвозалардан ҳимоя қўрғони воситасида фойдаланилган бўлса, кейинчалик эса мазкур дарвозалар рамзий маъно касб этиб, унинг қурилиши ўзига хос анъанага айлана бошлади.
Юртимиз истиқлолга эришгач, ушбу анъана юртимизда, хусусан, Фарғона вилоятида ҳам давом этди. Мустақиллигининг дастлабки йилларидаёқ, яъни 1992 йилнинг 13 августида Фарғона шаҳрига кириш қисмида рамзий дарвоза қуриш юзасидан Фарғона шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинган. Фарғона архиви сақловидаги ҳужжатлар асосида олинган маълумотларга кўра, мазкур ҳужжатга асосан, қурилиш майдони Фарғона шаҳрига кириш қисмидаги Фарғона вилоят давлат автомобил назорати бошқармаси ёнидан ажратилиши белгиланган. Қурилиш-монтаж ишлари бош пудратчи 8-қурилиш трести томонидан амалга оширилган.1992 йилнинг 30 август куни дарвозани қуриш бошланиб, йил якунига қадар давом этган. Бино қурилишига давлат бюджетидан 1 миллион сўм пул ажратилган, шунингдек, хориждаги ватандошларимиз томонидан ҳомийлик кўрсатилган.
Айнан шу йилнинг 25 декабрь санасида Фарғона шаҳридаги рамзий дарвозанинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат раҳбарияти ва аъзолари, Қирғизистон, Тожикистондан делегация, шунингдек, қўшни вилоятлардан вакиллар иштирок этишган. Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур рамзий дарвозани “Мустақиллик дарвозаси” деб номлаш тўғрисида таклиф билдирган.
– Фарғона вилояти ҳокимининг 1995 йил 4 январдаги “Фарғона шаҳар рамзий дарвозасига “Мустақиллик дарвозаси” номи бериш ҳақида”ги 5-сонли қарорига асосан рамзий дарвозанинг номи расман тасдиқланган, – дейди вилоят архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Юсуфжон Камолов. – Мана шунча вақтдан буён мустақиллигимизнинг 1 йиллиги шарафига қурилган рамзий дарвоза вилоятимизнинг рамзи ва фахри бўлиб келмоқда. Ҳақиқатдан ҳам Фарғона дейилганда одамлар кўз ўнгида мазкур иншоот гавдаланади.

Вилоят архивида мазкур тарихий жараён, яъни рамзий дарвозанинг қурилиши, фойдаланишга топширилиши ва номланиш билан боғлиқ ҳужжатлар ва фотосуратлар сақланиб келинмоқда. Архивларда сақланаётган ушбу ҳужжатлар бой тарихимиз, шонли ўтмишимиз ҳақида келажак авлодларга гувоҳлик беради.