Қўли гул, қалби пок ҳунармандлар
Ҳунарманд аҳли асли жуда камгап, камсуқум. Доим қўли меҳнатда.
Ҳунарманд аҳли асли жуда камгап, камсуқум. Доим қўли меҳнатда. Бугунги мураккаб синовлар гўёки улар ишига таъсир этмагандек. Сабаби уста ва ҳунармандлар ҳамиша ўз хонадонида ишдан бошини кўтармай меҳнат қиладилар.
"Эътироф – 2016" республика кўрик-танловининг "Йилнинг энг моҳир ҳунарманди" номинацияси ғолиби, миллий созгарлик санъати бўйича сулола давомчиси Раҳматилла Зокиров ана шундай усталардан.
Ўн олти ёшидан бошлаб мустақил ижод қилаётган уста мусиқа чолғуларини ясаш сирларини отасидан ўрганган. Ҳозирда 73 баҳорни қаршилаётган устанинг ижод намуналари юртимизнинг машҳур хонанда ва созандалари қўлида "тилга кирган". Қанча концертларда мухлисларга қувонч улашган.
– Созгарлик бобомерос касб, – деди Раҳматилла Зокиров. – Давлатимиз раҳбари доим уста ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаб, фаол ижод қилиш, бетакрор анъаналар давомийлигини таъминлашга катта ёрдам кўрсатиб келади. Дарвоқе, 3 апрель куни бўлиб ўтган видеоселекторда ҳам Юртбошимиз миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, бу борада соҳа вакилларига кўплаб имконият ва имтиёзлар яратиш юзасидан янги ташаббусларни илгари сурди.
Созгар уста тиним билмайди. Ёш ҳунармандларга видеодарслар ўтишга ҳам фурсат топади. Зеро, шундай меҳнатсевар инсонлар қийинчиликларни муносиб енгишимиз учун ибратдир.