Қўли эгрининг йўли эгри
Одамзотнинг биринчи душмани унинг нафсидир.
Гулистон шаҳрида Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда 4 турдаги қиймати 65 миллион сўмдан ортиқ, таркибида биофаол қўшимчалар бўлган дори воситалари тўхтатиб қолинди.
Халқимизда қўли эгрининг – кўнгли эгри, кўнгли ўғрининг йўли эгри, деган ажойиб нақл бор. Эгри йўлдан юрган кимса эса кўзлаган манзилига ета олмай, охир-оқибат жамиятнинг боши берк кўчасига кириб қолади. Лабиринтда қанча қийин бўлсада чиқиш йўли бўлади. Боши берк кўчада эса чиқиш йўқ. Юрдими “тақ” этиб боши деворга тегади, тегадию кўзи мошдек очилади. Кўзи очилишга очиладию.., лекин унда кеч бўлади.

Одамзотнинг биринчи душмани унинг нафсидир. Нафсига қулоқ тутдими, тамом, шу кундан унинг қулига айланади. Маҳкумбой Қорақулов (исми-шарифи ўзгартирилган) ҳам нафсига қул бўлдию унинг йўллаган йўриғи, чизган чизиғидан чиқа олмай қолди.
“Тўғрида, шу нафсимнинг айтганини қилиб, кам бўлмадимку. Ноқонуний йўл билан бўлсада, мўмайгина даромад ортиряпманку. Шу пайтгача ушлаша олмадику ҳалоллик посбонлари, бу сафар ҳам ҳаммаси жойида бўлишига нафсим комил” дея эртанги қиладиган ишининг нафси тузиб берган режасини яна бир хом-чўт қилиб чиқди.
Эрталаб барвақт туриб, эски таниши Адамжон Бойкенжаевнинг “Матиз”ида бир жойга бориб келиши кераклигини, йўл кира нақдлигини айтди.
Ҳурматли ўқувчида “Нима учун “Матиз”да?” деган савол туғилиши мумкин. Жавоби жуда оддий, чунки “Матиз” кўримсизроқ, кўзга ташланавермайди, қолаверса, бу автомобилда катта миқдорда нимадир олиб кетиш мумкин, деб ҳеч ким ўйламайди ҳам...
Кўза кунига эмас, кунида синади, деганларидек, шу куни Маҳкумбой Қорақуловнинг ҳам кўзаси синадиган кун эканми, ҳар ҳолда Гулистон шаҳрига келганларида, Сирдарё вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир унинг икки оёғини бир этикка тиқиб қўйди.

Гулистон шаҳрининг Ўзбекистон шоҳ кўчасидаги автотураргоҳга келиб тўхтаган, Ўзбекистон фуқароси Адамжон Бойкенжаев бошқарувидаги “Матиз” русумли автомобилнинг салони ва юкхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, Ўзбекистон фуқароси Маҳкумбой Қорақуловга тегишли 5 та қора рангли целофан пакетларга жойлаштирилган, хорижда ишлаб чиқарилган, тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган ва сифати кафолатланмаган 4 турдан иборат бўлган, тахминий қиймати 65 миллион 810 минг сўмлик, таркибида биофаол қўшимчалар бўлган дори воситалари аниқланди ва ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки текширув ва суриштирувлар жараёнида фуқаро Маҳкумбой Қорақулов ўз тушунтириш хатида ашёвий далил сифатида олинган, таркибида биофаол қўшимчалар аниқланган дори воситасини Тошкент шаҳридан олганини, ушбу товарларга тегишли ҳамда сифатини кафолатловчи ҳеч қандай ҳужжатлар йўқлигини баён этди.
Ҳозирда аниқланган ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Мутахассислар буни тагига етиши шубҳасиз. Айбдорлар албатта қилмишига яраша жазосини олади.