Ўқитувчининг ҳурматини қачон жойига қўямиз?
Ўқитувчиларни жамиятдаги нуфузини ошириш учун унинг қадри ва шаънини ҳам ҳимоя қилишимиз керак аслида.
Ўқитувчиларни жамиятдаги нуфузини ошириш учун унинг қадри ва шаънини ҳам ҳимоя қилишимиз керак аслида.
Ижтимоий тармоқлар бугун ахборотнинг муҳим манбаларидан бирига айланди. Уни кузатаркансиз, турли жойларда бўлаётган янгиликлар, воқеа-ҳодисалардан бир зумда хабардор бўласиз. Албатта бу яхши. Афсуски, баъзи хабарлар кимларнидир манфаатига хизмат қилиб, раҳбарларнинг обрўсини тушириш, шарманда қилиш, қайсидир касб эгаларини мазах қилиш қуролига айланиб қолмоқда. Айниқса, ўқитувчидек шарафли ва масъулиятли касбни беҳурмат қилаётганларни қандай тушуниш мумкин?
Кейинги икки йил давомида биргина Фарғона вилоятини ўзида ўқитувчининг ўқувчиларни калтаклаётгани акс этган бир нечта видеолавҳалар ижтимоий тармоқларда тарқаб, кенг муҳокамага сабаб бўлди. Мутасаддилар томонидан ўша ўқитувчиларга жазо қўлланиб, вазифасидан озод этилди. Куни кеча Фарғона шаҳридаги 3-умумтаълим мактабида бўлган ҳолат ҳам яна долзарб мавзуга айланди. Воқеа кун трендига чиқди: “Ўқитувчи ўқувчини калтаклади”. Аммо ҳеч ким масаланинг туб моҳиятига эътибор қаратмаяпти.
Ўқитувчини ўқувчига нисбатан тазйиқ ўтказишига, калтаклаши ва уришига барчамиз қаршимиз. Аммо шу ўринда ўқитувчи ўз ўқувчисига бесабаб танбеҳ бермаганига нега бепарвомиз. Ўқитувчини қўл кўтаришга мажбур қилган омиллар доимо четда қолаверади. Эркак ўқитувчиларнинг таълим масканларида камлигига эътибор берамизу, уни ғурурини, шаънини ҳеч қачон ҳимоя қилмаймиз. Осонгина ишдан бўшатиб юборамиз, ҳатто бирор интизомий чора қўлламаймиз. Халқ таълими вазирлигининг мутасаддилари бу масалада ҳеч қачон ўқитувчи томонда бўлмайди. Ана шуниси ёмон. Жамиятда ўқитувчини шу йўллар билан нуфузини кўтариб бўладими? Ўқитувчи ҳам инсон, у ҳам хато қилади. Уни видеога олиб, шарманда қилаётган ўқувчиларга нега жазо қўлланилмаяпти? Бугунги сайлов жараёнида сиёсий партиялар ҳам бу борада жим.
Шуни унутмаслик керакки, шарқ халқларида илм ўргатувчилар ва устозларга нисбатан иззат-ҳурматда бўлиш фарзандлар онгига сингдирилган. Хусусан, нозиктаъб адиб, нуқтадон олим, XV аср маърифатпарварлари дарғаларидан бири бўлган Ҳусайн Воиз Кошифий “Устоз ва муаллимлар ҳурматини ўрнига қўйган бу дунёда ҳам, охиратда ҳам саодат топар“,-деб ёзган эди. Ўқитувчининг нуфузини кўтариш йўлида бугун катта ишларга қўл урилди. Аммо бу касб эгасини ҳурмат қилмаётганларни нима деб аташ мумкин? Ўқитувчилар билан кўп мулоқотда бўламиз. Агар ёшларнинг тарбиясидаги хато ўз вақтида бартараф этилмаса, ундан кўз юмилса келажакда у катта ярага айланади.
–Баъзи бир ювош ўқитувчиларни дарсига юқори синф ўқувчилари умуман қатнашмай қўйган, – дейди Фарғона шаҳрилик Азиз Бойматов. – Агар уларга сал қаттиқроқ гапириб қўйсангиз тамом балога қоласиз. Шундай ота-оналар борки, арзимаган нарсадан иллат излайди. Бу билан ўқувчиларни тарбиялаш жуда қийин. Ўқитувчини обрўси гоҳида арзимас бўлиб қолмоқда.
Халқимизда “Устоз отангдек улуғ“ деган мақол бор. Донишмандларимиздан Фахриддин Расул ўзининг “Ахлоқнома“ рисоласида устоз ҳақида шундай дейди. “Устозни ранжитмоқ ота-онани ранжитмоқдек зўр гуноҳ. Дунёга келтирган, едирган, кийдирган ҳамда вояга етказган ота-она моддий ота-онадир. Ўқитган, ҳунар ўргатган, фан-ҳунар чўққиларига етаклаб, кўп заҳматлар оқибатида сенинг камол топишингга сабабчи бўлган устозлар маънавий ота-онадир. Илм, касб ўрганиш халқ иборасида “игна билан қудуқ қазиш“ кабидир. Бу йўлда сенга раҳнамо бўлган устозларинг олдида умр бўйи қарздорсан“.
Биз катталар уларни олдидаги қарзимизни доимо ҳис этамиз. Аммо фарзандларимизга буни сингдира олмаяпмиз. Ўзимиз ҳам ота-онамиз. Фарзандимиз айб иш қилса унга шу ишига яраша жазо берамиз, ҳатто ўғил фарзандларимизни қаттиқроқ тергаймиз. Ўқитувчи ҳам ўз ўқувчиларини ножўя ҳаракати ва интизоми учун танбеҳ бериши, уларни тўғри йўлга бошланишининг нимаси ёмон? Буни тасвирга олиб, жамоатчиликка кўрсатиш, маълум маънода уни шарманда қилиш шартмикан? Бунга сиз нима дейсиз?