Ўғилни асраган белбоғ
Ҳамқишлоғимиз Аъламжон ота Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги иштирокчиларидан бири эди.
Ғалабанинг 75 йиллигига
Ҳамқишлоғимиз Аъламжон ота Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги иштирокчиларидан бири эди. Одамлар бошига не-не кулфатлар солган, еру кўкни титратган, бутун бошли шаҳарлар, қишлоқларнинг кулини кўкка совурган, миллион-миллион кишиларнинг ёстиғини қуритган урушнинг жамики даҳшатларига гувоҳ бу отахоннинг ҳикояларини тинглашнинг ўзи азоб эди.
Ёш Аъламжон урушга жўнаётганида онаси ўз қўли билан тиккан гулли белбоғни ўғлининг белига маҳкам боғлаб, “Худо хоҳласа, шу белбоғ сени бало-қазолардан асрайди, уни асло ечма”, деган экан. Онанинг нияти ижобат бўлиб, Аъламжон неча бор ўлим билан юзма-юз келади, шундоққина ёнгинасида снаряд портлайди, ўқлар чийиллаб учади, қон тўкилади, душман самолётлари ҳужуми остида қолади, яраланади, ҳушидан кетади, олов кийимларини куйдиради, жароҳатлари азоб беради. Уруш сўнгида, шоир айтганидек, ўлимларни доғда қолдириб, эсон-омон уйига қайтиб келади.
– Онамнинг сўзларини эслаб, белбоғни белимдан қўймас эдим, – дея ҳикоясини бошлар эди Аъламжон ота. – Бир йили қиш ўта қаҳрли келди. Изғирин кўзни очирмайди. Окопнинг ичи қорга тўлган. Музлаб қолиш ҳеч гап эмас. Ҳар икки томон бир-бирини мўлжалга олиб, ҳужум бошлаш учун қулай пайтни пойлайди. Командирлар совуқдан қалтираётганларнинг оғзига мажбуран спирт қуйишади. Ўша қишдан ўлмай чиқишимга шу белбоғ сабабчи бўлган десам, ишонаверинглар. Уни худди тўн каби ёпиниб, икки учини бўйнимдан, яна икки учини тиззаларим остидан маҳкам боғлаб олардим-да, энгашиб ўтирардим...
Аъламжон ота дуога қўлини очса, ҳамиша: “Илоҳим у кунлар қайтиб келмасин, биз кўрдик, қон кечдик, сизлар кўрманглар, тинчлик-хотиржамлик, тўкинчилик бўлсин, бошларинг тўйдан чиқмасин”, дегувчи эди. Одатда кексалар шундай дуо қилишади. Аммо Аъламжон ота “Биз кўрдик, сизлар кўрманглар”, деган сўзларни бошқалардан кўра таъсирчан қилиб, ички бир изтироб билан айтарди, кўзлари ёшланиб, вужудини билинар-билинмас қалтироқ, ҳадик-хавотир эгаллагандай бўлиб сўзларди. “Эҳ, сизлар билмайсизлар-да, илоҳим билманглар, қанча-қанча одам жувонмарг бўлди, жасадлари дала-даштларда қолиб кетди, гуноҳсиз, қарчиғайдай йигитлар, тоғни уриб талқон қиладиган паҳлавонлар-а”, дер эди.
Ҳар йили Хотира кунида Аъламжон отани ёшлар даврасига чақиришса, уруш хотираларини айтиб, ўзи йиғларди, бошқаларни ҳам йиғлатарди. Унинг ҳикояларини тинглаганлар беихтиёр кўзларига ёш олишарди. “Йўқ, биз йиғладик, сизлар йиғламанглар, кулиб-кулиб юринглар, яхши ўқинглар, олим бўлинглар, эл-юртнинг корига яранглар, бирор касбнинг этагидан тутинглар, бўш юрманглар”, дея ёшларга насиҳат қиларди...
Йиллар Иккинчи жаҳон урушини биздан нечоғли узоқлаштирмасин, унинг маънавий-жисмоний жароҳатлари-ю, оғир жудоликларидан узоқлашиб бўлмайди. Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан мамлакатимизга кўчирилган 1 миллионга яқин жабрдийдаларни эл-юртимиз ўзининг қон-қардошидай, гўдакларни фарзандидай қабул қилгани, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўргани, ота-онасидан, уй-жойидан айрилган норасидаларни бағрига босиб, бошпана бериб, мислсиз меҳр-мурувват кўрсатгани бутун дунёга аён ҳақиқат. Ҳар қайси халқнинг одамийлиги ва маънавий қадриятлари, меҳр-оқибат ва олижаноблиги ана шундай унутилмас дамларда яққол намоён бўлади. “Вақт ўтади, замонлар ўтади, – деган эди Ислом Каримов, – лекин Ватан озодлиги ва эркинлиги, эл-юртимизнинг тинч ва осуда ҳаётини ҳимоя қилишда курашиб жон берган ўғлонларининг номлари ва хотираси кўпни кўрган, ҳеч қачон ёвуз душман олдида бош эгмаган халқимизнинг ёдида умрбод, абадий сақланади. Бу фазилат эл-юртимизнинг эзгу одатига, қадриятига айланиб кетган”.
Бу қирғинбаротнинг совуқ шарпаси кириб бормаган бирор хонадонни топиш қийин. Шу боисдан ҳам Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида қурбон бўлган миллионлаб одамлар хотирасини ёдга олиш, бу қонли тўқнашувнинг бугун ҳаёт бўлган, аммо сафлари тобора сийраклашиб бораётган қатнашчиларига ҳар томонлама ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ёшлар учун муқаддас бурчга айланиши керак. Айниқса, бугун – дунё чайқалиб, одамларнинг тинч-тотув ҳаётини издан чиқариш, халқлар орасига нифоқ солиш, бирини иккинчисига гиж-гижлаш, бойликларига кўз олайтириш ҳаракатлари давом этаётган бир пайтда, тинчлик, осойишталик, хотиржам ҳаёт, мусаффо осмоннинг қадри ҳақида янада кўп ва таъсирчан гапириш, эл-юртни огоҳликка чақириш, бугунги завқли, тароватли ҳаётимизни эъзозлаш, асраб-авайлашга даъват этиш ғоят зарур. Бу иш мавсумий бўлмаслиги, аксинча, таълим-тарбия, тарғибот-ташвиқот ишининг марказида турмоғи лозим.
Бугун юртимизга келаётган меҳмону сайёҳлар, расмий кишилар, илмий анжуманларнинг иштирокчилари мустақил Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, турли миллат вакилларининг ўзаро аҳил-иноқлиги, дўст-қадрдонлиги, бир-бирларига кўрсатаётган ҳурмат-эҳтироми эканини алоҳида қайд этмоқдалар. Дунё турли ҳарбий, иқтисодий талотўплар билан тўлиб-тошиб, қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар уруш ҳаракатлари боис туғилиб ўсган жойларини, болаларининг бешикларини ташлаб, кўч-кўронни елкалаб, бошқа жойларга кетишга мажбур бўлаётган бир пайтда, бундай тинч, барокатли, меҳр-оқибатли жойларни бориб кўриш ҳисси кучаяди. Одамлар меҳнат қилиб, улкан ризқ-рўз хирмонлари яратаётган, ҳалол меҳнати самараларидан баҳраманд бўлиб, яратган эгамга шукроналар айтиб яшаётган, янада ёруғ, фароғатли кунларни орзулаётган, давлат одамларнинг бу орзуларига ҳар жиҳатдан пешвоз чиқаётган, ҳар бир фуқаро тили, миллати, жинси, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлган, бу ҳуқуқ ва эркинликлар қонун йўли билан ҳимояланган мамлакатлар сафида бугун Ўзбекистон деб аталмиш келажаги буюк давлат ҳам бор.
Бугунги кунда яқин атрофларимизда ва узоқ ҳудудларда ижтимоий-сиёсий зиддиятлар кучайиб, турли можаро ва қон тўкишлар давом этаётган, терроризм, экстремизм, одам савдоси ва наркотрафик каби иллатлар хавфи кескинлашиб бораётган бир пайтда бундай бало-қазоларни остонамизга яқинлаштирмаслик, юртимизда ҳукм сураётган миллатлар ва фуқаролараро ҳамжиҳатликни сақлаб қолиш, “Бизга тинчлик ва омонлик керак” деган эзгу даъватга қатъиян амал қилишимиз зарур.
Тақдир тақозоси билан узоқ йиллар хорижда истиқомат қилган, бошига муҳожирликнинг адоқсиз азоблари, сарсон-саргардонликлари тушган, она-юрт соғинчи вужудини тилкалаган ватандошимиз Собиржон ота ўзи туғилиб ўсган шаҳарга, киндик қони тўкилган ҳовлига қайтиб келганида содир бўлган бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Унинг айтишича, ўзи каби хорижда қолиб кетган кишилар Ватан ҳақида гап бошланди дегунча, бошларидаги эскириб, нақшлари униқиб кетган дўппини қўлларига олиб, кўкракларига босишар экан. “Шу дўппидан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ” дейишар экан.
Собиржон ота туғилиб ўсган ҳовлиларидан сал нарироқдаги, болалигида қўй-қўзи ўтлатиб юрган, эрта баҳорда қор тагидан бойчечак мўралайдиган тепаликни томоша қилгани борса, одамлар уни ковлаб, тупроғини машиналарда уйларига ташиётганмиш. Жон ҳолатда: “Ҳой, тўхтанглар, нима қилаяпсизлар, ахир бу тепалик ўтмишнинг жонли гувоҳи, ота-боболарингизнинг изи, кўзи, оёқ изи тушган жой-ку, бузманглар”, дея шовқин кўтариб, ҳаммани ҳайрон қолдиради. Бу воқеани қадимшунос олимларга айтиб берганимда, улар мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларида сақланиб қолган тепалик, сардоба, кўприк ва бошқа иморатлар ҳақида бениҳоя қизиқарли, ўрганиш, хотирада сақлаш, тадқиқотлар олиб боришга арзирли маълумотларни айтиб беришдики, менинг ҳам ҳайратим ошди, уйига тупроқ ташиётган ҳамқишлоқларининг йўлини тўсган ватандошимизнинг куюнчаклигини тушундим. Шоир айтганидек, Ватан боғининг ҳар япроғи, сойининг ҳар тоши, даласидаги хас-хашаккача, ўтлоғидаги гиёҳидан то қадим бино пештоқидаги сопол нақшгача Ватан экан. Мозийга тааллуқли жамики нарсаларда Ватан руҳи, аждодлар хотираси мавжуд бўларкан, уларни асрамоқ, авайламоқ биз – бугунги авлодларнинг бурчимиз экан. Ўтмишга ҳурмат кўзи билан қарасак, халқимизнинг шу кунларгача омон-эсон етиб келган урф-одатларини унутмасак, бу муқаддас бойликларни янгича маъно-моҳият билан тўлдириб, бойитиб, азиз фарзандларимиз, набираларимиз қалбига, дунёқарашига, турмуш тарзига сингдирсак, уларни шу қутлуғ руҳда тарбияласак, халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзаро туташтирган, эл-юртни янада фаровонликка элтувчи маънавий кўприкларни мустаҳкамлаган бўламиз.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Республика "Маърифат" тарғиботчилар
жамияти аъзоси, журналист.