Зулфия мукофоти учун Фарғонада 162 нафар қиз беллашди
Фарғона шаҳрида Зулфия номидаги Давлат мукофотига номзодларни саралаш бўйича танловнинг вилоят босқичи ўтказилди. Унда 19 та шаҳар ва тумандан сараланган 162 нафар иқтидорли қиз иштирок этди.
Тадбирда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Мукаррам Аҳмедова ҳамда Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Кавлонова қатнашди.
Қайд этилганидек, танловнинг қуйи босқичларида қарийб икки минг нафар қиз ўз билими ва маҳоратини намоён этди. Тадбирда вилоят босқичига йўлланма олган иштирокчиларнинг ютуқлари эътироф этилиб, уларга муваффақият тилади. Танлов иқтидорли қизларни аниқлаш, уларнинг қобилиятини ривожлантириш ва ютуқларини рағбатлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Зулфия номидаги Давлат мукофотига 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган иқтидорли қизлар даъвогар бўлиши мумкин. Номзодларнинг фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, тиббиёт, ахборот технологиялари ҳамда жамоатчилик фаолияти бўйича эришган ютуқлари инобатга олинади.
Тадбирда ҳакамлар ҳайъати аъзолари таништирилгач, номзодларни баҳолашга киришилди. Ҳакамлар талабгорларнинг ижодий ишлари, ижтимоий-сиёсий билими, миллий қадриятлар ва урф-одатлар ҳақидаги тушунчалари, турли танловлардаги иштироки ҳамда ўз йўналишида эришган натижаларини белгиланган мезонлар асосида кўриб чиқди.
[gallery-32635]
Вилоят босқичи натижаларига кўра, энг муносиб деб топилган номзодлар Республика комиссиясига тавсия этилади.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА