Зомин сари йўл: ёш ижодкорлар сараланмоқда
Жорий йилнинг 28 апрель куни Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги гўзал хиёбон яна бир бор адабиёт ихлосмандлари қадамидан файзга тўлди — Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари минтақавий босқичи шу ерда тантанали равишда ўз ишини бошлади.
Самарқанд ва Жиззах воҳаларидан саралаб олинган умидли ёшлар ижод намуналарини холис баҳолаш, энг муносибларини июль ойида ўтадиган ҳал қилувчи финалга йўлланма билан тақдирлаш ҳамда уларга маҳорат сирларини ўргатиш мақсадида пойтахтдан нуфузли шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлардан иборат ишчи гуруҳ ташриф буюрди.
Тадбир аввалида адабиётимиз осмонининг икки порлоқ юлдузи — Ҳамид Олимжон ва Зулфия хотирасига эҳтиром рамзи сифатида ёдгорлик мажмуаси пойига гулчамбарлар қўйилди, сўнгра иштирокчилар адиблар руҳиятини янада теран ҳис этиш учун музейга саёҳат қилди.
[gallery-29089]
Шундан кейин Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабида семинарнинг очилиш маросими кўтаринки руҳда ўтказилди. Кун давомидаги ижодий жараёнлар, баҳс-мунозаралар ва илҳомга тўла мушоира кечалари ёш қаламкашларнинг истеъдод қирраларини янада ёрқин намоён этди. Энг муносиб иштирокчилар финал босқичи учун саралаб олинди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Тўлқин Ҳайит, таниқли адабиётшунос олимлар Раҳмон Қўчқор ва Гуландом Тоғаева, болалар шоири Ориф Тўхташ ҳамда шоира Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи томонидан ўтказилган маҳорат дарслари ёш ижодкорларнинг бадиий тафаккурини чархлаб, сўз санъатига бўлган меҳрини янада мустаҳкамлади.
Қайд этиш жоизки, мамлакатимизда ёш ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юксалтириш борасида қабул қилинган Президент фармонлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари изчил амалга оширилмоқда. Ана шу эътибор ва ғамхўрлик самарасида Зомин семинари каби анъанавий ижод майдонлари янги истеъдодларни кашф этишда муҳим ўрин тутаётир.
Зомин сари бошланган бу илҳомли йўл, шубҳасиз, эртанги ўзбек адабиётининг янги саҳифаларини ёзишга бел боғлаган ёшлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА