Зилзиланинг олдини олиш мумкинми?
Зилзила энг хавфли табиий офат. Унинг келиб чиқиш сабаблари билан одамлар жуда қадим замонлардан буён қизиқиб келган.
– Грек олими Демокритнинг (милоддан аввалги 460 – 370 йиллар) фикрича, зилзилаларнинг келиб чиқишига сувларнинг таъсири сабаб бўлган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Сеймология институтининг лаборатория мудири, академик Қаҳҳорбой Абдуллабеков. – Яъни, зилзила қор, ёмғир, денгиз ва кўллардаги сувларнинг ер остига шимилиши оқибатида рўй беради, деб ҳисоблаган.
Грек олими Аристотель (милоддан аввалги 384 – 322 йиллар) маълумотларида ғор ва бошқа бўшлиқларда йиғилиб қолган ҳавонинг катта босим таъсирида ер остига кириши, ой тутилиши ва довуллар зилзила сабабчиси, деб кўрсатилган.
Ўрта асрнинг машҳур қомусий билим соҳиблари – Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино ва кейинроқ Заҳириддин Муҳаммад Бобурлар ўз асарларида зилзиланинг сабаб ва оқибатлари ҳақида қимматли фикрлар билдирган. Улар зилзила ҳамма жойда эмас, айрим жойларда намоён бўлиши ҳамда вақти йил фаслларига – Қуёш ва Ой фазаларига боғлиқлиги ҳақида ёзишган.Айниқса, "Бобурнома"да зилзила кучи ер устида қандай тарқалиши ҳақида қимматли фикрлар келтирилган. Бу асарлар зилзила табиати ҳақидаги биринчи ва тўғри қадамлар эди. Сўнгги ўн йилликларда Ернинг коинотда ва Қуёш тизимида тутган ўрни, унинг ўлчамлари, физик ва кимёвий хоссалари, тузилиши, ундаги турли жараёнлар тўғрисида геология, геофизика, геокимё, астрономия ва яна бир нечта фанлар ёрдамида аниқ маълумотлар олишга муваффақ бўлинди.
Энди зилзила сабабларига тўхталиб ўтадиган бўлсак, ҳозирги кунда асосан икки хил фикр бор. Биринчиси – ернинг чуқур қатламларида доимо мураккаб кимёвий, физик жараёнлар тўхтовсиз давом этади. Булардан биринчиси – солиштирма оғирликлари оғир жинсларнинг доимо пастга, енгил жинсларнинг юқорига бўлган ҳаракати.
Иккинчиси – радиоактивлик хоссаси ҳамда юқори босим ва ҳарорат асосида бир жинсдан иккинчисининг ҳосил бўлиши ёки жинсларнинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиши натижасида энергия ажралади. Бундай реакциялар содир бўлишига сабаб, ернинг чуқур қатламларида жуда катта босим ва иссиқлик мавжудлигидир. Энергиянинг сақланиш қонунига кўра, у йўқолиб кетмайди. Демак, ҳосил бўлган энергия сарф бўлиши керак. Ушбу энергия ернинг остида жуда катта ҳажмдаги жинсларни ҳаракатга келтиради.
Энергиянинг қанчалик катталигини кўз олдимизга келтириш учун Тянь-Шань, Помир, Кавказ ёки Ҳимолай тоғларини тасаввур қилиб кўрайлик. Масалан, биргина Тянь-Шаннинг ўзи бўйи ва эни минг километр бўлган майдонни эгаллаган улкан "тоғ мамлакати"ни ташкил қилади. Баландлиги эса айрим жойларда 4–5 километрдан ортади. Ана шу улкан тоғларни ҳосил қилувчи кучлар зилзилага ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Марказий Осиё ҳудудида ҳозир тоғ ҳосил бўлиш жараёни давом этмоқда. Ана шу тоғ ҳосил қилувчи тектоник жараёнлар зилзила содир бўлишига олиб келиши мумкин. Энг асосий сабаб, тоғ ҳосил қилувчи ер ости кучларининг майдон бўйлаб бир текисда тарқалмаслигидадир. Тянь-Шань ўз навбатида Фарғона, Чотқол, Туркистон, Олой, Зарафшон, Ҳисор каби ўнга яқин тоғ тизмаларидан ташкил топган.
Тоғ тизмалари силсиласида Чуй водийси, Тошкент воҳаси, Фарғона водийси ва бошқалар жойлашган. Одатда тоғ тизмалари каттароқ тезлик билан, улар ўртасидаги воҳалар эса камроқ тезликда ҳаракат қилади. Тезлиги ҳар хил бўлган қатламларда аста-секин бурилишлар, эгилишлар пайдо бўла бошлайди ва охир-оқибат уларнинг синиши – парчаланишига олиб келади. Ана шу жараён зилзила оқибатларини келтириб чиқаради, деса ҳам бўлади. Йиғилган механик энергия эластик сейсмик тўлқинлар энергиясига айланади ва ер силкинишига олиб келади.
Учинчиси – ер шари ўндан ортиқ йирик плиталарга бўлинган. Улар турли йўналишда горизонтал ҳаракатга эга. Плиталарнинг ўзаро тўқнашуви улкан тоғлар ҳосил бўлишига, жумладан зилзилалар рўй беришига олиб келади. Масалан, Марказий Осиёдаги Тянь-Шань, Помир, Ҳиндикуш тоғларининг пайдо бўлиши ва зилзиланинг келиб чиқишига сабаб Ҳинд ва Евроосиё плиталарининг "тўқнашуви"дир.
Хулосаларга таянадиган бўлсак, тоғ ҳосил қилувчи зилзилаларга олиб келувчи жараёнлар вертикал ва горизонтал йўналган қўшимча кучлар таъсирида рўй берар экан. Геологияда биринчи тарафдорлар – "фиксистлар", иккинчиси – «мобилистлар», дейилади.
Хўш зилзиланинг олдини олиш мумкинми. Ўзбекистонда туғилиб ўсган ҳар бир киши юртимизда тез-тез зилзилалар рўй бериб туришини, баъзан улар ниҳоятда даҳшатли эканини яхши билади ва уни тасаввур қила олади. Бироқ, инсон табиатида унутувчанлик хусусияти мавжуд. Масалан, йиллар ўтган сари юз берган табиий офатлар кулфатини унутамиз, касалликни енгмасдан туриб, парҳезни эсдан чиқарганимиз каби сув тошиши ёки кўчки эҳтимоли бўлган ерларга иморатлар қурамиз ва ҳоказо. Жумладан, зилзила ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Кўпгина давлатларда минг йил, ҳатто ундан олдинги зилзилаларнинг тарихий жадваллари тузилган. Минг афсуски, бизда бу маълумотлар тўлиқ эмас. Кейинги 100 – 200 йиллик маълумотлар бор, холос. Ундан илгаригилари тўғрисида айрим тахминий маълумотлар сақланган. Балки эски қўлёзмаларда, китобларда бизга ниҳоятда зарур бўлган маълумотлар сақланаётган бўлиши мумкин. Бу соҳада тарихчиларимиз, тилшунослар ва адабиётшунослар ёрдам қўлини чўзсалар чакки бўлмасди.
Шундай бўлса-да, баъзи тахминий маълумотларга қараганда, тарихда айрим шаҳарларимизда кучли зилзилалар бўлиб ўтганини ўқиганмиз. Масалан, 838 – 839 йиллари Фарғонада, 942 йили– Бухорода, 1208 – 1209 йилларда Урганчда, 1490 йили Самарқандда, 1494 ҳамда 1927 йилларда Наманганда, 1620 йили Ахсикентда, 1821 – 1822 йилларда Бухоро ва Самарқанд яқинида, 1902 йили Андижонда, 1868, 1924, 1938, 1966 ва 2008 йиллари Тошкентда, 1976, 1984 йилларда Газлида ва бошқа. Шуларнинг ичида энг эсда қоладигани 1902 йили Андижонда рўй берган 9 – 10 балли ер силкиниши ва 1966 йили Тошкентда бўлган 8 балли зилзила ҳисобланади.
Бундан кўринадики, мамлакатимиз табиий офатлардан холи ҳудудлардан эмас. Шундай экан, биз – олимлар зилзиладан халос бўлиш чора-тадбирларини кўришимиз, иложи борича унинг зарарли оқибатларини бартараф этиш учун қандай муаммолар мавжудлигини халқимизга тушунтириб боришимиз лозим. Чунки Ер шарида йилига ўрта ҳисобда ўн мингга яқин кучли ва сезиларли зилзилалар рўй беради. Улардан 15 – 20 таси фожиали ҳисобланади.
Зилзиланинг рўй бериш вақтини олдиндан аниқ айтиш мушкул. Сейсмик кучланишнинг ҳам ўзига хос йиллари мавжуд. Масалан, ўтган асримизда сейсмик жараёнлар 1905 – 1910, 1930 – 1950, 1955 – 1960 йилларда кўпроқ кузатилган. Мутахассисларнинг фикрича, 1998 – 1999 йиллар ҳам ана шу жараёнга киради ва ҳали давом этиши эҳтимолдан холи эмас.
Азамат Суюнов ёзиб олди.
ЎзА