Зилзилага тайёргарлик — ҳаёт хавфсизлигининг муҳим кафолати
Табиий офатларнинг олдини олиш, уларнинг оқибатларини минималлаштириш, аҳоли ва ходимларни фавқулодда вазиятларда тўғри ва тезкор ҳаракат қилишга ўргатиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан биридир. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятларга тайёргарликни кучайтириш, профилактика ишларини тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар ижроси доирасида Бухоро вилояти божхона бошқармасида “Зилзила ҳафталиги” муносабати билан тарғибот ва амалий ўқув машғулоти ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад — божхона ходимларининг зилзила ва бошқа фавқулодда вазиятлар вақтида саросимага тушмасдан, вазиятни тўғри баҳолаган ҳолда аниқ, изчил ва хавфсиз ҳаракат қилиш бўйича билим ҳамда амалий кўникмаларини мустаҳкамлашдан иборат.
Машғулотда Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутахассислари иштирок этишиб, зилзила содир бўлган пайтда амал қилиниши лозим бўлган хавфсизлик қоидалари ҳақида батафсил маълумот бердилар. Хусусан, бино ичида ва очиқ ҳудудда тўғри ҳаракатланиш, хавфсиз жойни танлаш, эвакуация тартиби, қутқарув хизматлари кўрсатмаларига қатъий амал қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Зилзила оқибатида жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, фавқулодда вазиятларда кўп учрайдиган хато ва эҳтиётсизликларнинг олдини олиш бўйича ҳам амалий тушунтиришлар берилди. Мавзуга оид видеоматериаллар намойиш қилиниб, иштирокчиларнинг назарий билимларини амалиёт билан уйғунлаштиришга қаратилган машғулотлар ўтказилди.


Айниқса, фавқулодда вазиятларда қўлланиладиган қутқарув асбоб-ускуналари ва махсус жиҳозларнинг намойиши тадбирнинг амалий аҳамиятини янада оширди. Мутахассислар мазкур воситаларнинг вазифаси, имкониятлари ва улардан хавфсиз фойдаланиш тартибини тушунтирдилар.
Машғулотда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан ҳам самарали фойдаланилди. Видеоконференцалоқа орқали божхона постларида хизмат олиб бораётган ходимларнинг ҳам иштирок этиши таъминланиб, зарур тавсия ва кўрсатмалар уларга ҳам етказилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, фавқулодда вазият вақтида инсоннинг ҳаётини асраб қолишда дастлабки дақиқалар ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Ана шу лаҳзаларда саросимага тушмаслик, тўғри қарор қабул қилиш, хавфсиз жойни танлаш ва белгиланган ҳаракатлар алгоритмига амал қилиш кўп жиҳатдан инсоннинг ҳаёти ва саломатлигини сақлаб қолиши мумкин.


Шу нуқтаи назардан, бундай ўқув машғулотлари оддий тарғибот тадбири эмас, балки ҳаёт хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга қаратилган муҳим профилактик чора сифатида аҳамиятлидир. Чунки фавқулодда вазиятга тайёргарлик фақат махсус хизматларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг масъулияти ва бурчидир.
Зилзилани олдиндан тўхтатиш ёки унинг аниқ вақтини инсон иродаси билан белгилашнинг имкони йўқ. Аммо унинг эҳтимолий оқибатларига тайёр туриш, хавфсизлик қоидаларини пухта билиш ва зарур пайтда уларга қатъий амал қилиш орқали талафотларни сезиларли даражада камайтириш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири