Жийдакапанинг жилокор гиламлари
Наманган вилояти Уйчи тумани Жийдакапа қишлоғидаги “Vodiy ipak gilam” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасида миллий ҳунармандчилик технологиялари асосида гилам тўқиш йўлга қўйилди.
Наманган вилояти Уйчи тумани Жийдакапа қишлоғидаги “Vodiy ipak gilam” Ўзбекистон-Туркия қўшма корхонасида миллий ҳунармандчилик технологиялари асосида гилам тўқиш йўлга қўйилди.Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва ишбилармонликни ривожлантириш, ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш, қулай инвестиция муҳити яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самараларини бермоқда. 320 минг АҚШ доллари миқдоридаги сармоя асосида ташкил этилган мазкур лойиҳа амалиётга татбиқ этилиши билан ўттиздан зиёд янги иш ўрни яратилди.
– Корхонамиз жорий йил бошида ташкил этилган бўлса-да, маҳсулот ишлаб чиқаришга энди киришилди, – дейди “Vodiy ipak gilam” қўшма корхонаси директори Элмурод Мамадалиев. – Чунки миллий ҳунармандчилик асосида гилам тўқиш кўп вақт ва меҳнат талаб қилади. Ўлчами ва бошқа ўзига хос жиҳатларига қараб, битта гиламни тўрт нафар гиламдўз олти ойдан бир йилгача бўлган муддатда тўқиб битказиши мумкин.
Бухоро, Самарқанд ва Қўқон гиламдўзлик мактаблари анъанаси асосида тайёрланаётган маҳсулотлар асосан ташқи бозорга мўлжалланган. Ҳозирги кунга қадар қатор хорижий давлатлар, хусусан, Греция, Франция, Буюк Британиядан буюртмалар тушди.
Айни кунларда меҳнат жамоаси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига муносиб тўёна сифатида тўқилаётган биринчи гиламни битказиш арафасида.
Корхонада ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулот турини кўпайтиришга қаратилган янги лойиҳалар устида изланишлар изчил давом эттирилмоқда. Жорий йилнинг охиригача Жийдакапа қурилиш ва коммунал хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан олтмиш нафарини иш билан таъминлаш кўзда тутилган.